Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган қатор ёпиқ муассасаларда мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Ташрифлар доирасида 51-сонли манзил-колония, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг наркология хизмати бўйича Тошкент шаҳар филиали, Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонаси, Тошкент шаҳар “Саховат” интернат уйи ва “Мурувват” ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйидаги шароитлар ўрганилди.
Мониторинг жараёнида ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароити, озиқ-овқат таъминоти, тиббий хизмат кўрсатиш, меҳнатга жалб этиш, узоқ ва қисқа муддатли учрашувлар учун мўлжалланган хоналар ҳамда мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш масалалари ўрганилди. Шунингдек, камералар ва биноларнинг санитария ҳолати, видеокузатув тизимлари кўздан кечирилди.
Хусусан, Тошкент шаҳридаги Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида суд ажримларига асосан ақли норасо деб топилиб, мажбурий даволаниш ўтаётган 60 нафар беморда шахсини тасдиқловчи ҳужжат йўқлиги сабабли уларни Тиббий меҳнат эксперт комиссияси кўригидан ўтказиш ҳамда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан нафақа пули тўланиши тўхтатилгани аниқланди.
Шу билан бирга, ижтимоий алоқалари (яқинлари, қариндошлари ёки васийлари билан боғланиш имкони)ни йўқотган беморлар мажбурий даволанишни давом эттириш мақсадида бошқа вилоятларда жойлашган психиатрия муассасаларига кўчирилаётганда, уларни темир йўл ёки автобус орқали ташиш жараёнида хавфсиз ва белгиланган тартибда етказиш учун махсус транспорт воситасига эҳтиёж мавжудлиги маълум бўлди.
51-сонли манзил-колониясида ўтказилган мониторинг доирасида маҳкумлар билан жамоавий ва холи тарзда суҳбатлар ўтказилди. Мурожаатлар назоратга олиниб, ўрганиш ишлари бошланди. Айрим мурожаатлар бўйича жойида ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Тошкент шаҳар “Мурувват” интернат уйида яшовчи ногиронлиги бўлган эркаклар, жумладан мустақил ҳаракатлана олмайдиганларга шарт-шароитлар яратилгани аниқланди. Шунингдек, кутубхона, тўқиш хонаси, спорт заллари ҳам кўздан кечирилди.
“Саховат” интернат уйида ўтказилган мониторинг ташрифида ҳам қарияларга яратилган шароитлар бўйича камчиликлар аниқланмади.
Мониторинг натижалари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА