Ўрмон ва тоғли ҳудудларда содир бўладиган ёнғинларни ўчиришнинг бир қанча машаққатли жиҳатлари бор. Аввало, бундай жойларда махсус техникалар ҳаракатланиши қийин, олов тез тарқалади, ҳаво орқали ўчирилганда олов ўчоқлари қолиб кетиш эҳтимоли юқори. Ана шундай вазиятда енгил, кўчма ёнғинга қарши воситалар асқотади.
Пойтахтимизда Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги томонидан жойлардаги давлат ўрмон хўжаликларига ёнғинга қарши курашиш учун махсус техникалар топширди. Тадбирда агентлик масъуллари, ўрмон хўжалиги ходимлари, соҳа мутахассислари иштирок этди. Уларга махсус техник воситалар ёрдамида ўрмон ёнғинларини бартараф этиш бўйича кўргазмали чиқишлар қилинди.
Шундан сўнг 40 га яқин ҳудудий ўрмон хўжаликларига 250 дона мотопомпа ва яна шунча миқдорда механик сув пуркагич ва 200 дона бензинли сув пуркагич техникалари топширилди. Эндиликда ушбу воситалар ёрдамида ўрмон хўжаликлари ходимлари ёнғинларнинг олдини олиш ва уни тезкорлик билан бартараф этиш имконига эга бўлади. Жами қиймати қарийб 90 минг АҚШ долларига тенг бўлган ушбу жиҳозлар Ўрмон агентлиги ва Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳаси доирасида харид қилинган. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишнинг олдини олиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва ёнғин хавфини камайтиришдан иборатдир.
Замонавий техник воситалар билан таъминланган ўрмон хўжаликлари ёнғин хавфсизлиги бўлимларига келгусида ўз фаолиятини янада самарали ташкил этишда ва ўрмонларни асраб-авайлашда, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экиладиган кўчатларни суғоришда ҳам қулайлик яратилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/P8rA0nCibrY" title="Yong‘inga qarshi maxsus texnikalar topshirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Анвар Аҳмедов, ЎзА