French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёнғиндан огоҳлик – хавфсиз ҳаёт гарови
10:25 / 2026-01-18

Мамлакатимизда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, ис газидан заҳарланиш ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 30 январига қадар “Хавфсиз хонадон” ойлиги ўтказилмоқда.

Жойларда аҳоли ўртасида профилактик тадбирлар, тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари кенг қамровда ташкил этилмоқда. Жумладан, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Мажнунтол маҳалласи ҳудудидаги яшаш хонадонларида олиб борилган тадбирлар давомида қиш мавсумида ис гази билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари, уларнинг олдини олиш чоралари, хонадонларда газ ва иситиш жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилиш, ёнғин, чақнаш, ботулизмдан заҳарланиш ҳамда бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, зилзила вақтида қандай ҳаракатланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иситиш печини ўрнатиш тартиби, суюлтирилган газ баллонлардан фойдаланиш ва сандални ишлатиш қоидалари ҳақида тушунча берилиб, содир бўлган нохуш ҳолатлардан мисоллар келтирилди. Қолаверса, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш, хонадонларни кўрикдан ўтказиш, хавф омилларини барвақт аниқлаш ҳамда камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий вазифалар белгилаб олинди.

Шу каби тадбирлар Наманган шаҳридаги 6-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ўқитувчи муаллимлар ва ўқувчи ёшлар иштирокида ёнғин, чақнаш, ис газидан заҳарланиш, зилзила ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш юзасидан суҳбат ўтказилиб, тадбир иштирокчиларини соҳага оид қизиқтирган саволларига жавоблар қайтарилди.

Шунингдек, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан Янгиобод маҳалласи ҳудудида янги қурилаётган кўп қаватли бинода ишлаётган қурувчилар билан суҳбатлашилиб, жараёнда тарғибот ишлари амалга оширилди.

Бир сўз билан айтганда, “Хавфсиз хонадон” ойлиги доирасида хонадонлар, қурилиш ва ижтимоий соҳа объектлари, бозорларда тушунтириш ишлари давом этмоқда. Бу ўз навбатида, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, фуқароларда хавфсизлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Совуқ кунларда ҳар биримиздан масъулият талаб қилинади. Электр ускунаси ишлаётган бўлса, уни қаровсиз қолдирманг. Газ ускуналарини мутахассиссиз ўрнатманг. Печь ёнишини назоратсиз қолдирманг. Бир лаҳзалик эътиборсизлик бутун бир уйнинг, ҳатто оиланинг тақдирига дахл қилиши мумкин. Зеро, ёнғиндан огоҳлик – хавфсиз ҳаёт гарови. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.