Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёнғиндан огоҳлик маҳаллаларда тарғиб қилинди
14:16 / 2025-10-10

Наманган вилоятида куз-қиш мавсумига ҳозирлик доирасида профилактик тадбирлар ва таълим муассасаларида ёшлар, ўқитувчилар иштирокида учрашув ҳамда ўқув машғулотлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Таъкидлаш лозим, шу йил 8 октябрда Президентимиз Шавкат Мирзиёев фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишувида, ҳозир фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишлари асосан давлат идораларида амалга оширилаётгани, лекин бундай ҳолатларнинг 70 фоиздан ортиғи аҳоли хонадонларида носоз, муддати ўтган газ ва электр жиҳозларидан фойдаланиш, хавфсизлик маданиятига риоя қилмаслик оқибатида юзага келаётгани, шунинг учун тизим ишини маҳаллаларда ташкиллаб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавфсизлик маданиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар билан ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча ва хонадонни қамраб олиши зарурлиги қайд этилди.

Ушбу топшириқлар ижросидан келиб чиққан ҳолда, Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан Чортоқ туманида “Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий компанияси” ойлиги муносабати билан совуқ кунларга тайёргарлик ишлари доирасида амалий тадбир ташкил этилди.

Тадбирга вилоят ва туман фавқулодда вазиятлар тизими томонидан жалб этилган бўлим шахсий таркиби ҳамда дахлдор ташкилотлар ходимларига профилактик машғулотларда бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан йўриқнома берилди.

– Даставвал, тумандаги “Дўстлик” ва “Арбағиш” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлар, аҳоли яшаш хонадонлари, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлиги ўрганилиб, юз бериши мумкин бўлган ёнғин, чақнаш, ис гази ва ботулизм касалликларининг олдини олиш юзасидан тарғибот ишлари олиб борилди, – дейди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходими, майор Қаҳрамон Сатторов. – Қолаверса, Чортоқ тумани ихтисослаштирилган мактабида мавсумга тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишиб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, зилзила вақтида қандай ҳаракатланиш тўғрисида тушунчалар берилиб, жамоа аъзоларида кўникмалар ҳосил қилинди.

Тадбирда “Маҳалла еттилиги” ва умумтаълим мактаби ходимлари томонидан куз-қиш мавсумида хонадонларни иситиш учун мўлжалланган печларни ўрнатиш талаб ва қоидалари акс этган эслатма кўргазмалар ёрдамида тушунтириш ишлари амалга оширилди.

Дўстлик маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган кўп қаватли бинода қурувчилар билан учрашиб, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш юзасидан суҳбатлар ўтказилди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА