Ёнғин тилсиз ёв. Бекорга халқимиз “ўт балосидан асрасин” демаган. Чунки ёнғин катта моддий йўқотишларга сабаб бўлиши билан бирга, инсон ҳаёти ва саломатлигига ҳам жиддий хавф солади. Шу боис юртимизда ёнғинларнинг олдини олиш ва аҳолида хавфсизлик маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 августдаги “Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан мамлакатимизда “Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампанияси амалга оширилмоқда.
Шу доирада Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан Гулистон жамоат саломатлиги техникумида профилактик учрашув ташкил этилди. Унда ички ишлар органлари, маҳалла уюшмаси ҳамда касб-ҳунар таълими бўлимининг вакиллари ҳам қатнашди.
Тадбирда талабаларга ёнғин келиб чиқиш сабаблари, унинг олдини олиш чоралари ва хавфсизлик қоидалари ҳақида тушунтиришлар берилди. Амалий машғулотларда эса ёнғин-қутқарув техникалари ва жанговар кийимлар намойиш этилди. Шунингдек, талабалар бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ёрдамида шартли ёнғинни бартараф этиш кўникмасини ҳам синаб кўрдилар.

– Бугунги учрашувнинг асосий мақсади ёшларимизда хавфсизлик маданиятини шакллантиришдир, – дейди Сирдарё вилояти ФВБ Ёнғинлар профилактикаси бўлими бошлиғи Абдурауф Эсонов. – Чунки кичик беэътиборлик катта йўқотишларга олиб келиши мумкин. Шу боис биз назария билан чекланиб қолмасдан, амалда ҳам тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини ўргатяпмиз. Бу билимлар уларга ҳаётий вазиятларда албатта керак бўлади.
Учрашув иштирокчилари ҳам бундай тадбирлар уларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб, хавфсизлик қоидаларига янада масъулият билан ёндашишларига ёрдам беришини таъкидладилар.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири