English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёнғин хавфсизлигига бепарво қараб бўлмайди
12:07 / 2026-01-28

Йил сайин ҳудудларда аҳоли сонининг ўсиши, шаҳарсозлик кўламининг кенгайиши, йирик савдо объектлари ва кўп қаватли турар жойлар сонининг ортиши туфайли ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласини янада долзарб қилмоқда.

Шу боис Тошкент вилоятида ҳам ёнғинларнинг олдини олиш, инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, моддий бойликларни сақлаб қолишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти ҳокимининг “Ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижроси бўйича вилоят, шаҳар ва туман миқёсида махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Улар томонидан аҳоли гавжум бўладиган, ёнғин ва портлаш хавфи юқори ҳисобланган объектларда хавфсизлик талабларига риоя этилиши атрофлича ўрганилди. 

Хусусан, ҳудудда фаолият юритаётган 13 та йирик бозор, 25 та савдо комплекси, 138 та умумий овқатланиш шохобчалари, 22 та оммавий тадбирлар ўтказиладиган бинолар, 38 та ёнувчан ва портлаш хавфи юқори бўлган ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, қурилаётган ва фойдаланишда бўлган 9 қаватдан юқори 54 та кўп хонадонли турар жойлар ҳамда бошқа кўчмас мулк объектларида текширувлар ўтказилди. 

– Бу жараёнларда жами 2 минг 200 дан ортиқ ёнғин хавфсизлигига оид камчиликлар аниқланди, – дейди Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар Бош бошқармаси бўлими катта инспектори капитан Нурисломбек Тешабоев. – Қувонарлиси, ушбу камчиликларнинг икки мингдан ортиғи тегишли соҳа мутахассислари ва масъул ташкилотлар томонидан қисқа муддатларда бартараф этилди. Бу эса амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини кўрсатади. 

Шу билан бирга, ишчи гуруҳлар томонидан профилактика талабларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 267 маротаба 3 минг нафардан ортиқ ишчи-хизматчилар иштирокида ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича тушунтириш ишлари, амалий йўриқномалар ва суҳбатлар ўтказилди. Бу тадбирлар орқали ходимларнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича билим ва масъулиятини оширишга эришилмоқда. 

Умуман олганда, ёнғин хавфсизлиги таъминлаш фақат масъул ташкилотларга эмас, балки, ҳар бир фуқаронинг ҳам умумий бурчидир. Қоидаларга риоя этиш, хавфсизлик талабларига бепарволик қилмаслик инсон ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. 

А.Мусаев, ЎзА.