Шу кунларда мамлакатимизда “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” эълон қилиниб, ойлик доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида бир қатор профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир қиш мавсуми олдидан ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини янада кучайтиришга қаратилган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”ни юқори савияда ўтказиш ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, унинг оқибатларини баратараф этиш бўйича талаба-ёшларнинг назарий ва амалий кўникмаларини шакллантириш, ёшларни қутқарувчилик касбига бўлган қизиқишларини янада ошириш ҳамда академия фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди.


Академия бошлиғи генерал-майор Равшан Ҳайдаров фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, ёнғин содир бўлган пайтдаги ҳаракатлари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик учун маъмурий жавобгарлик мавжуд эканлиги ҳамда соҳа мутахасислари томонидан тайёрланган ёнғин хавфсизлиги ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиб келаётганини таъкидлади.


Академия профессор-ўқитувчилари томонидан “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида ўқувчи ва талабалар билан ёнғин ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва содир бўлганда ҳаракат қилиш бўйича қизиқарли викторина ўйинлари ва савол-жавоблар ўтказилди ва ёшларга академия фаолияти тўғрисидаги видеолавҳа намойиш этилди.


Шунингдек, тадбир давомида ёшлар ўқув спорт комплекси стадионидаги “Ўқув минорасида ишғол қилиш нарвони орқали 4-қаватга кўтарилиш”, “Ёнғин вақтида жабрланганларни ва ўз-ўзини қутқариш” “4х100 метр масофада эстафетали югуриш”, шунингдек, қўл жанги машқларини бажариш, асосий ва махсус ёнғин-қутқарув техникалари намойиши ва унинг имкониятлари билан таништириш, хизмат итлари томонидан бажариладиган кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА