Нукусда Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг жорий йил 10 ноябрдаги йиғилиш баёни ижроси ҳамда 15 ноябрь - 15 декабрь кунлари ўтказилаётган “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”ни уюшқоқлик билан ўтказишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий комиссиясининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”ни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси, ҳудудий комиссияси таркиби тасдиқланди. Шунингдек тадбирнинг ўтказилишини ташкил этишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш ва бажарилиши юзасидан назорат ўрнатиш мақсадида вазирликлар, идоралар, ташкилотлар раҳбарлари Нукус шаҳри ва туманларга бириктирилди.
“Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида кўп квартирали уйлар ва якка тартибдаги уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналари, бозорлар, йирик савдо мажмуалари ҳамда аҳоли кўп тўпланадиган бошқа объектларда ёнғинларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли профилактика тадбирлари амалга оширилади. Иситиш мавсумида ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ва ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари “хонадонбай” тартибида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
[gallery-9668]
Тегишли вазирликлар билан корхоналарга печ ва дудбўронларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотларни жалб қилган ҳолда аҳоли хонадонларидаги, шу жумладан, кўп квартирали уй-жойлардаги электр, газ ва иссиқлик таъминоти қурилмалари, иситиш қозонлари, дудбўронлар ва шамоллатиш тизимларининг ҳолатини техник кўрикдан ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чораларини кўриш топширилди. “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги”ни самарали ташкил этиш, унинг доирасида белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Иштирокчиларга ёнғин қутқарув техникалари ва воситалари намойиш этилиб, хавфсизлик талабларига риоя этиш борасида эслатма ва йўриқномалар тарқатилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, ҳудудий комиссия раиси Қ.Сариев иштирок этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА