Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёнғин натижасида 15 туб терак дарахтига зарар етган
12:50 / 2025-08-04

Кеча тунда интернет ижтимоий тармоғида "Хўжаобод туманида тоғ ёнмоқда" сарлавҳаси остида Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги тоғда ёнғин бўлаётганлиги, одамлар ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилаётганлиги ҳақида видеохабар тарқалган эди.

Хабар кўпчиликни хавотирга солди. Бугун эрталаб ушбу ҳолат бўйича Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан расмий муносабат билдирилди. Унда шундай дейилади:

“Жорий йилнинг 3 август куни соат 20.44 да Хўжаобод тумани, “Бешқавоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қаровсиз очиқ майдондаги қуриган ўт хашаклар ёнаётганлиги ҳақида “112” тизими орқали Андижон вилояти ФВБга хабар келиб тушган. Хабарга асосан, зудлик билан воқеа жойига Ёнғин-қутқарув экипажлари етиб борган ва содир бўлган ёнғин соат 21.28 да батамом ўчирилган.

Ёнғин натижасида очиқ майдондаги қуриган хашаклар ёнган. Ёнғин натижасида тан жароҳати олганлар йўқ”.

Ушбу ҳолат бўйича Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан қуйидаги муносабат берилган:

“Андижон вилояти, Хўжаобод тумани, Бешқовоқ МФЙ ҳудудида жойлашган Манак ота тоғ қисмида 2 гектар ер майдонида ёнғин содир бўлди.  

Ёнғин вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан тезда ўчирилди. Ҳудуддаги 15 туб терак дарахтларига зарар етган”.

Вилоят фақулодда вазиятлар ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари мутасаддиларининг маълум қилишича, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари, атроф-муҳитга етган талофат ўрганилмоқда.  

Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири