Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сергели туманида содир бўлган фавқулодда вазият тўғрисида қўшимча маълумот берди.
“Аввал хабар берганимиздек, бугун, 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани “Қурувчи” МФЙ Хонобод кўчасида жойлашган “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхоналар ҳудудида чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра, ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 02:48 да ёнғинга етиб бориб, тезкор ҳаракатлар натижасида, соат 05:02 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 10:47 да батамом ўчирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида содир бўлган фавқулодда вазиятни ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди.
Ёнғин жойига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири – Фуқаро муҳофазаси бошлиғи А.Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Божхона бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи хизматларнинг раҳбарлари чиққан.
Воқеа жойида тегишли ташкилот ва хизматлар ҳамкорлигида тезкор Штаб ташкил этилди.
Ушбу вазият оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Жабрланганларнинг асосий қисми саломатлиги яхши бўлгани учун уларга амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Ҳодиса оқибатида ёнғин яқинидаги кўп квартирали уйларнинг бирида бўлган 2006 йилда туғилган 1 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ёнғинни бартараф этиш ишларига, ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинди. Дастлабки ўрганиш ишларига кўра, 15 минг кв.м омборхона майдонида ёнғин ўчирилиб, 30 минг кв.м майдони сақлаб қолинди.
Вазият тўлиқ назоратга олиниб, ҳозирда унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Содир бўлган ёнғин юзасидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари ва моддий зарар миқдорини аниқлаш ишлари Тошкент шаҳар прокуратураси, Ички ишлар бош бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ҳамкорликда олиб борилмоқда”, дейилади маълумотда.
Ш.Маматуропова тайёрлади.
ЎзА