Ёмғир ёғиши билан одамларнинг кайфияти бирдан ўзгариб кетиши ҳамма учун таниш ҳолат. Кимдадир ички хотиржамлик уйғонади, кимдир романтик туйғулар гирдобига тушади, яна кимлардадир эски хотиралар тикланади. Бошқа бировда эса тушкунлик, ёлғизлик ёки уйқу босиши пайдо бўлиши мумкин. Илгари буни шунчаки одатий “ёмғирда кайфият бузилади” деган тасаввур деб ўйлашар эди. Аммо, замонавий нейропсихология ва атроф-муҳит физиологияси бундай ҳолатнинг илмий асослари борлигини тасдиқлайди.
Ёмғир – бу шунчаки атмосфера ҳодисаси эмас. У тўғридан-тўғри бизнинг ҳиссиётларимиз, нейрокимёвий жараёнлар ва сезги органларимизга таъсир қилувчи мураккаб муҳит ўзгаришидир. Демак, ёмғирда одамлар ҳис қиладиган кайфият ўзгариши (mood сwаp) бу табиий ва биологик жиҳатдан асосланган жавоб.
Ёмғирли кунда осмон қоронғуроқ тортади. Бу бевосита миядаги серотонин ва мелатонин балансига таъсир кўрсатади.
Серотонин: кўтаринки кайфият, энергия, диққатни бошқарувчи модда. Ёруғлик камайганда унинг даражаси кескин пасаяди. Мелатонин уйқу гормони, қоронғу, сокин муҳитда фаол ишлаб чиқарилади. Ёмғирли, қоронғуроқ ҳавода мелатонин ошиб кетиши табиий уйқучанлик, сустлик, ҳатто ғамгинлик ҳиссини кучайтиради.
Шунинг учун баъзи одамлар ёмғирли ҳавода ўзини “дунё секинлашгандек” ёки “ҳамма нарса хира бўлиб қолгандек” сезишади. Бу эса визуал муҳитнинг ўзгаришига миянинг физиологик жавоби холос.
Ёмғирнинг шитир-шитир, бир маромдаги овози паст, юмшоқ ва узлуксиз орқа фон шовқинига ўхшайди. Бу овоз мияга янги маълумот сифатида сақланмайди. Ёмғир шитирининг овози кескин ўзгармагани учун асаб тизими ҳушёр ҳолатдан чиқиб, бироз бўшашади. Шунинг учун ёмғир ёғаётганда фикрлар секинлашади, ички босим камаяди ва одам ўзини сокинроқ ҳис қилади.
Ёмғирда ҳаво таркибида негатив ионс (сув томчилар ерга урилганда, ҳаво янгиланганда, момақалдироқ олдин ёки кейин манфий зарядланган молекулалар) кўпаяди. Негатив ионс нафас билан организмга кириб чарчоқни камайтиришга ёрдам беради, ҳавони “тоза ва енгил”дек ҳис қилдиради. Шунинг учун кўпчилик ёмғирдан кейинги ҳавони ўзгача тетик ҳис қилади, бу айнан шу манфий зарядли зарралар таъсири.
Ёмғирдан кейин келадиган ўша таниш, бетакрор ҳид “петричор” ҳисобланади. У тупроқдаги махсус бактериялар, ўсимлик ёғлари ва ёмғир томчисининг реакцияси натижасида юзага келади.
Ҳид сезгиси миянинг тизимига, хотира ва ҳиссиёт марказларига бевосита уланади. Кўпинча петричор болаликдаги хотиралар, табиат билан алоқадор илиқ ҳислар, дам олиш ва тозалик билан боғланади. Ҳид сигналининг ушбу қисқа йўли кайфиятни бир зумда ўзгартириши мумкин. Шунинг учун петричор айримларда романтика, айримларда эса носталгия ёки ижодий кайфият уйғотади.
Кўзга оддий туюладиган ёмғир аслида мураккаб табиий ҳодисадир. У бир вақтнинг ўзида ёруғликни, шовқинни, ҳаво таркибини, ҳидни, тананинг физиологик ритмларини ўзгартиради. Шу сабабли кайфиятнинг бирдан ўзгариши “ғалати ҳолат” эмас, балки организмнинг табиатга мослашиш жараёни.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА