Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёмғир сувидан самарали фойдаланиш қурғоқчиликнинг олдини олишга сабаб бўлади
16:22 / 2025-12-24

Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ошиб бориши ва шаҳарларнинг кенгайиши сувга бўлган эҳтиёжни янада кучайтирмоқда. Шу боис сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уни тежаш ва қайта ишлатиш масаласи долзарб аҳамият касб этади. Ана шундай шароитда “Ёмғир сувларини йиғиш ва қайта ишлатиш тизимини янги қурилишлар учун стандарт сифатида жорий этиш” ташаббуси замонавий ва мақсадга мувофиқ ечим ҳисобланади. Ҳозирда бу тизимдан қатор хорижий давлатларда ҳам фойдаланилмоқда.

Хусусан, ёмғир сувини самарали бошқариш бўйича қатор давлатларда муваффақиятли тажрибалар мавжуд. Жумладан, Сингапурда техник сувнинг 45 фоизи ёмғир суви ҳисобига қопланади. Германия шаҳарларида боғдорчилик ва санитария тизимлари автоном ёмғир сувини қайта ишлаш модулларига уланган. Япония амалиёти орқали тошқин юкламаси 25-30 фоизгача камайтирилган.

Ушбу ёндашув шаҳарсозликда барқарорликни таъминлаш, дренаж тармоқларига тушаётган юкламани камайтириш ҳамда ичимлик суви истеъмолининг беҳуда сарфланишини сезиларли даражада қисқартириш имконини беради.

– Ташаббусни тизимли ва самарали жорий этиш учун уни миллий қонунчилик билан мустаҳкамлаш зарур, – дейди Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи, Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутати Мухсиддин Низомиддинов. – Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилади. Мазкур ўзгаришлар ёмғир сувларини йиғиш ва фойдаланиш тизимини янги қурилишлар учун мажбурий стандарт сифатида белгилашга ҳуқуқий асос яратади.

Ташаббусни амалиётда синаб кўриш учун Тошкент вилояти энг мақбул ҳудуд сифатида танланади. Бу ҳудудда ёғин миқдорининг нисбатан барқарорлиги ва қурилиш суръатларининг юқорилиги лойиҳани самарали синовдан ўтказиш имконини беради.

Мазкур ташаббус давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ амалга оширилади.

Фармонга биноан, 2026 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тартибида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақоми берилган 33 та ҳудуд ҳамда Сурхондарё вилоятининг барча туман ва шаҳарлари қамраб олинади.

Шу доирада Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри, Бўка тумани, Чирчиқ шаҳри ва Чиноз туманида лойиҳанинг амалий самарадорлиги синовдан ўтказилиб, олинган натижалар асосида уни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш имконияти яратилади.

Лойиҳани техник баҳолаш, экспертиза қилиш ва мувофиқлаштириш ишларида асосий масъул ташкилотлар сифатида Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш республика маркази ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги белгиланади.

Ёмғир сувини йиғиш тизими биноларда содда ва самарали технологик занжир асосида ташкил этилади. Тизим ёғин сувини йиғиш, тозалаш, сақлаш ва қайта фойдаланишни таъминлайди.

Бунда том сатҳи ёғингарчиликни йиғиш учун асосий майдон ҳисобланади. Жараёнда ёғиннинг илк, ифлос қисми ажратиб ташланадиган механизм, тозаланган ёмғир сувини хавфсиз сақлаш тизимлари қўлланилади. Қуёш панелида ишловчи насослар — сув узатиш жараёнида энергия тежамкорлиги ва мустақилликни таъминлайди.

Ёмғир сувини йиғиш ва қайта ишлатиш тизимини жорий этиш иқтисодий ва экологик жиҳатдан қатор ижобий натижаларни таъминлайди.

Жумладан, ичимлик суви сарфи 30-50 фоизгача қисқаради, бу аҳоли учун тежамкорликни оширади. Техник эҳтиёжларнинг 70-100 фоизи ёмғир суви ҳисобига қопланади, ичимлик сувига тушадиган босим камаяди. Дренаж тизимига тушадиган юклама 30-35 фоизга камайиб, сув оқовалари билан боғлиқ хавфлар пасаяди.

Шунингдек, ҳар бир хонадон учун йиллик иқтисодий фойда ўртача 120-250 минг сўмни ташкил этади. Ер ости сувлари инфильтрация орқали 15-25 фоизгача тўйинтирилади, бу экологик барқарорликни мустаҳкамлайди.

Хулоса қилиб айтганда, ёмғир сувини йиғиш ва қайта ишлатиш тизимини янги қуриладиган бинолар учун мажбурий стандарт сифатида жорий этиш Янги Ўзбекистон шаҳарларининг барқарор ривожланишида муҳим қадам бўлади.

Бу ёндашув ичимлик сувини тежаш, иқтисодий самара яратиш, муҳандислик ва дренаж инфратузилмасига тушадиган юкламани камайтириш, ер ости сувлари захирасини тўйинтириш ҳамда шаҳар ва туман экотизимини яхшилашга комплекс таъсир кўрсатади.

Натижада, мазкур тизим экологик барқарорлик, ресурс тежамкорлиги ва замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган янги стандарт сифатида шаклланиши мумкин.

Айни пайтда марказлашган сув таъминоти тизимларида ичимлик сувидан нафақат ичиш, балки техник ва хўжалик эҳтиёжлари учун ҳам фойдаланиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда. Бу эса ичимлик суви захираларининг самарасиз сарфланиши ва канализация тизимларига ортиқча юк тушишига сабаб бўлмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА