Жорий йилнинг 29 март куни Президентимиз бошчилигида "Яшил макон" лойиҳаси доирасидаги ишлар ва чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ана шу йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар томонидан жойларда мевали, манзарали, қурилишбоп дарахт кўчатлари, гуллар экилмоқда, яшил ҳудудлар барпо этилмоқда.
Андижон вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси тасарруфидаги Андижон минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси жамоаси томонидан “Андижон-Улуғнор” автомобиль йўли ёқасидаги, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган, тошлоқ ер майдонига терак кўчатлари экилиб, ободонлаштирилмоқда.
[gallery-16750]
Йўлсозлар мазкур ҳудудга 1,5 минг туп терак кўчати экиб, теракзор барпо этишни мақсад қилган. Шу кунларда кўчат экиш ишлари якунига етказилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари