Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Дўстлик тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган “Кобальт” русумли автомашина тўхтатилиб, текширилганда йўловчиларнинг бирини ёнидан гиёҳванд модда чиқиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
“Қорадори – 2023” кенг қамровли профилактик тадбири давомида олинган тезкор маълумотга асосан Дўстлик тумани Манас МФЙ ҳудудида жойлашган “Манас –14” ЙПХ масканида Термиз –Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган фуқаро бошқарувида бўлган “Кобальт” русумли автомашина вилоят ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилганда автомашинанинг олд йўловчи ўриндиғида ўтириб келаётган йўловчи ўзини шубҳали тарзда тута бошлаган. Шу сабаб ИИБ мутасаддилари холислар иштирокида шахсий тинтув ўтказган.
Тинтув чоғида фуқаронинг ёнидан қоғоз ва полиэтилен бўлакларига ўралган ҳолдаги 6 дона ҳар хил шаклдаги қорамтир-жигарранг тусдаги, ўзига хос ўткир ҳидли, қайишқоқсимон гиёҳванд модда борлиги аниқланиб, тегишли тартибда холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Дўстлик туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА