Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўловчи жамоат транспортининг ҳаракатланишини онлайн кузатиши мумкин
16:28 / 2022-03-03

Бу ҳақида республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар учун ўтказилган матбуот анжуманида вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Фахриддин Ражабов маълум қилди.

Анжуманда бошқарма томонидан жамоат транспорти соҳасини ривожлантириш бўйича ўтган 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар бўйича маълумот берилди.  

Бухоро вилоятида сифатли ва хавфсиз транспорт хизматини кўрсатиш бўйича 130 та юридик корхоналар томонидан 285 та йўловчи ташиш йўналишлари хизмат кўрсатиб келмоқда. Мазкур йўналишлардан 97 тасида автобус, 7 тасида микроавтобус, 160 тасида “Дамас” русумли автотранспорт воситалари ҳаракатланади. Вилоятда автотранспорт воситалари ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш мақсадида 5 та автостанция, 5 та охирги тўхташ бекатлари ва 529 та оралиқ бекатлар мавжуд. Шу билан бирга, жорий йил якунига қадар давлат Транспорт вазирлиги маблағлари ҳисобидан Бухоро шаҳрида Маданият ва Тўқимачи охирги тўхташ бекатларини қуриб фойдаланишга топшириш режалаштирилган.  

2021 йил 21-22 январь кунлари Президентимизнинг вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш учун аввало Бухоро шаҳрининг замонавий транспорт моделини ишлаб чиқишга доир ишлар олиб борилди. Вобкент туманида янги, замонавий автостанция ҳамда Олот туманида автотранспорт воситаларининг охирги тўхташ бекати қуриб фойдаланишга топширилди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 2021 йил давомида вилоят ҳудудида янги 6 та шаҳар атрофи автобус йўналишлари ташкил этилди. Ўтган 2021 йилда вилоятнинг жамоат транспорти етиб бормаган 38 та МФЙ ҳудудларида янги 23 та йўловчи ташиш йўналиши очилди.  

– Жамоат транспортлари жозибадорлигини ошириш ҳамда соҳага илғор инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижроси юзасидан Бухоро шаҳрида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 8- 9- 51- 76-437-сонли автобус йўналишларида ҳаракатланувчи жами 70 та автобусларга (GPS) навигатор қурилмалари ўрнатилди, – дейди Автомобиль транспортини ривожлантириш бўлими бошлиғи Шаҳбоз Қосимов. – Бу шаҳардаги жами автобусларнинг 30 фоизини ташкил этмоқда. Бухоро шаҳридаги автобусларни GPS-трекерлар билан жиҳозлаш ишлари тўлиқ якунлангандан сўнг ушбу тизим "ЗТМ" мобиль иловаси билан интеграцияланади. 

Натижада йўловчилар юклаб олинган махсус мобиль илова орқали ўз турган нуқталарида қайси йўналишдаги жамоат транспортлари ҳаракатланиши, қанча вақтдан кейин ушбу нуқтага автобус келиши ва йўналишдаги автобусларнинг ҳаракатини онлайн кузатиш имкониятига эга бўлишади. Бундан ташқари, сотиб олиниши режалаштирилган янги автобуслар ҳисобига жорий 2022 йилда аҳолига автобусларда кўрсатилаётган хизматлар кўламини ҳозирги 20 фоиздан 30 фоизга, 2023 йилда 45 фоизга, 2025 йил охирига қадар эса 55-60 фоизга етказиш режалаштирилган. 

[gallery-5976]

Йўловчи ташиш йўналишларини аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тубдан қайта кўриб чиқиш ва барча аҳоли яшаш ҳудудлари бўйича жамоат транспорти қамровни таъминлаш ҳамда вилоят бўйича жамоат транспортига бўлган эҳтиёжни қондириш, сифатли жамоат транспорти хизматини йўлга қўйиш мақсадида 2022 йилнинг ўзида янги 100 та автобус (шундан 80 та электробус) ва 30 та микроавтобуслар сотиб олинади. Йўловчиларга сифатли транспорт хизмати кўрсатилишини таъминлаш мақсадида янги 10 та автобус йўналишларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Келгусида қишлоқ ҳудудини туман маркази, туман марказини вилоят маркази билан боғлаш имконини берувчи 45 та йўловчи ташиш йўналишлари ташкил этиш ҳамда ушбу йўналишларга 550 та автобус ва 150 та микроавтобус харид қилиш дастури тасдиқланган. 

Анжуманда жамоат транспортларида электрон тўлов тизимини тўлиқ жорий этиш, автобусларни тўлиқ GPS навигатор қурилмалари билан таъминлаш, йўловчиларга жамоат транспортларида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва ҳудудларни жамоат транспорти билан қамраб олиш ва  муаммолар ҳақида ҳам сўз борди. Журналист ва блогерларнинг саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.  

Зариф Комилов,  
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА