English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўловчи вагонлари ва соҳадаги янги лойиҳалар кўриб чиқилди
16:30 / 2024-03-19

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводини бориб кўрди.

Мамлакатимизда темир йўл транспорти ривожланиб, қатновлар сони кўпаймоқда. Бу вагонларга бўлган талабни ҳам оширади. Мазкур заводда 16 турдаги йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилади ва таъмирланади. 

Ўтган йили корхонада 32 та йўловчи вагони тайёрланиб, 319 таси таъмирланган. Муҳими, кооперация орқали эҳтиёт қисмларнинг 70 фоизи маҳаллийлаштирилган.

Умуман, аввалги йилларда 300 дан зиёд йўловчи ва техник хизмат вагонлари ишлаб чиқарилиб, 50 дан ошиғи экспортга юборилган. Бундан ташқари, 112 та метрополитен вагонлари модернизация қилинган.

Улар 28 йил давомида фойдаланишга мўлжалланган ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради, йўловчилар учун ҳар томонлама қулай, юқори сифат ва хавфсизликка эга. 

Вагонларда иситиш ва совутиш тизимлари, ҳаво айланиши янада яхшиланган. Сув иситиш ускунаси ҳам электр энергиясида, ҳам кўмирда ишлашга мўлжалланган. Йўловчиларни тоза ва салқин ичимлик суви билан таъминлаш, телефон қувватини тўлдириш учун махсус мосламалар ўрнатилган. Бу ерда 619 нафар муҳандис-ишчи меҳнат қилмоқда.

Президентимиз вагонларга чиқиб кўрди. Уларнинг дизайнини ўзгартириш, йўловчиларга қулайликларни ошириш зарурлигини таъкидлади. Электр поездлар тармоғини кенгайтириб, аҳоли кўп туманларга олиб бориш, соҳанинг алоҳида генерация қувватларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Жорий йилда яна юзлаб вагонларни қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, кон-металургия корхоналари учун махсус вагонлар қуриш, кенг купели янги турларни ўзлаштириш кўзда тутилган. 

Шу ерда заводда режалаштирилаётган янги йўналиш – электр ва метрополитен поездлари лойиҳаси кўриб чиқилди.

Шунингдек, Тошкент-Хива йўналишига қўйиладиган тезюрар поезд ҳақида ахборот берилди. Президентимиз бу ҳақда 2022 йилда Хоразмда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилиш маросимида айтган эди. Бу учун Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компаниясидан юқори тезликдаги электропоезд олиб келиниши мўлжалланган. 7 вагонга эга электропоезд 351 та ўриндиққа эга бўлади. Соатига 250 километр тезликда ҳаракатлана олади.