Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўловчи поездларида хизмат кўрсатиш соҳасида қандай ўзгаришлар бўлмоқда?
15:31 / 2024-09-06

Аҳолимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилувчи транспортлар қаторида йўловчи поездларининг ўрни беқиёс. Бугунги кунда «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамияти томонидан маҳаллий йўналишлар билан бир қаторда, хорижий қатновлар ҳам амалга оширилмоқда. Бу эса хизматга бўлган талабнинг юқорилигидан далолат. Талаб ошган сари, йўловчиларга хизмат кўрсатиш кўлами ва сифати ҳам ошиши зарур. 5 сентябрь куни «Тошкент марказий» темир йўл вокзалида, «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамияти бош директори Шарофиддин Қодиров ва жамиятнинг бошқа масъуллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда Оммавий ахборот воситалари ходимларига тизимда амалга оширилаётган ишлар, йўловчиларга яратилаётган қулайликлар, кўрсатилаётган сервис хизматлар ҳамда электрон чипталар сотувининг бугунги ҳолати, келгуси режалар тўғрисида маълумот берилди.

2023-2024 йиллар давомида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖда даромад 130 % га ўсиб, харажатлар 125% га пасайган. Бунинг натижасида жамиятга замонавий турдаги янги йўловчи вагонларини сотиб олинмоқда, мавжуд вагонлар капитал таъмирланиб, турли йўналишларда йўловчи поездлари парки кенгайиб бораётир. Масалан жорий йилнинг ҳозирги давригача 28 та янги замонавий вагонларни сотиб олиниб, 92 та мавжуд вагонлар таъмирдан чиқарилди, бу эса йўловчи поездлари таркибидаги вагонлар сонини кўпайишига ва янги йўловчи поездларини ишга туширишга имкон берди.

Йўловчи вагонлари паркини тўлдириш натижасида Тошкент, Нукус, Қўнғирот, Урганч ва Хива шаҳарлараро йўловчи поездлари таркибидаги вагонлар сони 14 тадан 22 тагача кўпайтирилди.

Шунингдек, «Тошкент – Сариосиё – Тошкент» йўналиши бўйича 15 вагондан иборат алоҳида йўловчи поезди ишга туширилди. Бундан ташқари, «Қўнғирот – Андижон – Қўнғирот», «Андижон – Термиз – Андижон» йўналишларида йўловчи поездлари сони биттага кўпайтирилди. Шу билан бирга, «Андижон – Хонобод – Андижон», «Наманган – Чодак – Наманган» йўналишларида янги шаҳар атрофи йўловчи поездлари ҳаракати ташкил этилди.

Матбуот анжуманида таъкидланишича янги йўловчи поездларининг ишга туширилиши ва турли йўналишларда вагонлар сонининг кўпайиши туфайли йўловчиларнинг ўртача сони кунига 27 541 кишига етказилган.

Амалга оширилган ишлар жараёнида юз берган асосий ўзгаришлардан бири электрон чипталарни сотиш тизимидир. Бунинг ёрдамида йўловчилар саёҳат ҳужжатларини электрон шаклда сотиб олишлари мумкин, бу нафақат қулай, балки харажатларни камайтиришга имкон беради. Электрон сотувларнинг 40 фоиздан 60 фоизгача ўсиши йўловчилар янги технологияларни қадрлашини ва улардан қулайлик учун фойдаланишга тайёрлигини кўрсатади.

Маълум қилинишича 2024 йил охиригача 28 та янги йўловчи вагонларини сотиб олиш режалаштирилган, 2025 йилда эса яна 40 та. Шунингдек Йўловчи вагонларида кўрпа-тўшакларни тўлиқ янгилаш ва 2024 йил охиригача совитиш тизимига эга вагонлар сонини 160 дан 220 тагача ошириш белгиланган.

Маълумот учун 2024 йилнинг сентябридан бошлаб Тошкент ва Москва ўртасида темир йўл қатнови қайта тикланиб, йўловчилар учун янада қулайлик яратилади.

Умуман олганда, сўнгги йилларда жамиятнинг йўловчи ташиш соҳасидаги ютуқлари самарали бошқарув, стратегик режалаштириш ва доимий равишда такомиллаштиришга интилишнинг намунасидир. Амалга оширилган тадбирлар ва ривожланиш инвестициялари туфайли жамият бозордаги мавқейини мустаҳкамлашда ва йўловчиларининг эҳтиёжларини қондиришда давом этмоқда.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/wXW4WAJp40g?si=UhvXasCV53jbRJlg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Нозимбек Мардонов, А.Содиқов (видео) ЎзА