Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўлларимизда ҳар йили 10 минггача автоавария юз беради, бунинг сабаблари нима?
10:49 / 2022-02-19

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бунга изоҳ берди.

- Ҳар йили йўлларимизда 10 минггача автоавария содир этилмоқда. Бунинг оқибатида ўтган йили 2,5 мингга яқин инсонлар бевақт ҳаётдан кўз юмди, 9 мингдан ортиғи турли даражадаги тан жароҳати олди. 

Ваҳоланки, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун йўлларга 367 радар ва 1 минг 584 видеокамера (шундан 430 таси қоидабузарликни аниқловчи) ўрнатилган. Жумладан, Тошкент шаҳридаги 111 чорраҳага 1 минг 20 та видеокамера ўрнатилиб, шаҳар ИИББнинг ситуацион марказига интеграция қилинган. 

Лекин таҳлиллар соҳада бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Очиқ тан олиш керак, бугунги кунда йўлларда фуқаролар учун хавфсиз шароит яратиш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва ҳаракатланиш маданиятини шакллантириш борасидаги ишлар талабга тўлиқ жавоб бермайди. 

Бунга асосан ҳайдовчиларни ўқитиш сифати, қоидабузарларга нисбатан жазо таъсирининг етарли эмаслиги, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига қасддан амал қилмаслиги, шунингдек, йўл инфратузилмасидаги камчиликлар сабаб бўлмоқда. 

Қонун-қоидаларни менсимаслик шу даражага бориб етганки, ҳатто 13 мингдан зиёд фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномасисиз маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган. 

Аварияларнинг 20 фоизи тезликка риоя қилмаслик, 25 фоизи йўллардаги камчиликлар, 47 фоизи пиёдалар иштирокида, 10 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги, 8 фоизи қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш, 6 фоизи велойўлак бўлмаганлиги оқибатида содир этилган. 

Демак, йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоқли қисми пиёдалар иштирокида содир этилаётганини кўрсатмоқда. Оқибатда ўтган йили 965 нафар пиёда, шундан 263 нафар болалар вафот этган.

Таҳлиллар ҳар бешинчи йўл-транспорт ҳодисаси йўлларда муносиб инфратузилма ва хавфсиз ҳаракатланиш учун зарурий шароитлар яратилмагани сабабли содир этилганлигини кўрсатмоқда.

 Хусусан, 2 минг 248 км йўлларда қарама-қарши йўналишларни ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмаган. 3 минг 571 км тротуар, 2 минг 337 км велойўлаклар ташкил этилмаган, 2 минг 731 та тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари ёритилмаган. Шунингдек, 1 минг 835 та жойга шовқин чизиқларини чизиш, 2 минг 904 та жойга сунъий нотекисликлар яратиш, 750 та светофор ўрнатиш зарурати мавжуд. 

Ўз навбатида, бугун йўлларда 200 мингта йўл белгилари етишмайди. Мавжуд 105 мингдан зиёди эса замонавий турдаги йўл белгиларига алмаштирилмаган. Маҳаллий ҳокимликлар қошидаги Йўл ҳаракатини ташкил этиш, махсус ўрнатиш ва фойдаланиш бўлинмалари мавжуд эҳтиёжнинг атиги 50 фоизини таъминлаб бермоқда. 

Хусусан, 2019-2021 йилларда республика бўйича ўрнатилиши лозим бўлган 610 мингта йўл белгиларидан 304 минг 775 таси белгиланган талабга жавоб беради, холос. Бундан ташқари, аҳоли гавжум жойларда 25 та ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш жойларини қуришга зарурат бор. 
P.S: Бу каби муаммолар қачон ва қандай ҳал этилади? ИИВ томонидан қандай чоралар белгиланмоқда. Бу ҳақда батафсил ЎзАда ўқийсиз. Бизни кузатиб боринг! 

Н.Абдураимова,  ЎзА