Юртимиз мустақилликка эришгач, барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилди. Бугун йўлларимизнинг равонлиги, кўчаларда ўзимизда ишлаб чиқарилган автомашиналарнинг ҳаракатланаётганини кўриб кўз қувнайди.
Ҳайдовчилар билан суҳбатлашиб қолсангиз, аксарияти Навоий вилоятидаги автомобиль йўллари бошқа ҳудудларга қараганда тубдан фарқ қилиши, равон ва текислиги, “яма”ларнинг нисбатан камлиги ёхуд умуман йўқлиги билан фарқланишини айтади. Дарҳақиқат шундай. Бунда навоийлик йўлсозларнинг фидокорона меҳнати бор. Йўлсозларимиз эса нафақат вилоятда, балки республикада ҳам ўзига хос мактаб яратган.
Бугунги кунда вилоят ҳудудида 9 минг 474 километр узунликдаги автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан 4 минг 17 километри умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳамда 5 минг 457 километри ички йўлларни ташкил этади.
Йўлларнинг 356 километри халқаро аҳамиятидаги йўллар, 2536 километри давлат аҳамиятидаги йўллар, 1125 километри эса маҳаллий аҳамиятдаги йўллар ҳисобланиб, уларга Навоий вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси тизимидаги корхоналар томонидан хизмат кўрсатилади.
– Инвестиция дастурига асосан, 2021 йил 7 та объектда жами 177,7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди Навоий вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аслиддин Раҳимов. – Шунингдек, Томди, Хатирчи ва Қизилтепа туманларидан ўтувчи умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида жойлашган 3 та йўл ўтказгич ва кўприклар реконструкция қилиниб, 2 таси фойдаланишга топширилди ва 1 та йилдан-йилга ўтувчи объектда ажратилган лимит маблағи доирасида ишлар тўлиқ тугатилди.
Кейинги йилларда вилоятнинг транспорт инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳолига қулайлик яратиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини замон талаблари даражасида таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-6208]
Жумладан, 2021 йилда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини “Тўла таъмирлаш дастури” доирасида 4 та объектда 5,9 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, 15 километр автомобиль йўли фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, “Табиий офат оқибатларини бартараф этиш дастури” асосида 11 та объектда 32,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди ва 35,6 км автомобиль йўли ҳамда 4 та кўприк таъмирланди.
Юртимизда йил сайин обод манзиллар сони ортиб бормоқда. Айниқса, ҳудудларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ. Мазкур дастурлар доирасидаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларига йўлсозлар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
– 2021 йилда қишлоқ ва маҳаллардаги 451,2 километр ички йўлларда ишлар тўлиқ ниҳоясига етказилди, – дейди Аслиддин Раҳимов. – Бундан ташқари, ички хўжалик йўлларида жойлашган кўприк ва қувурларни таъмирлаш бўйича 12 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлар олиб борилди ва фойдаланишга топширилди. Маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан эса туман ва шаҳарлардаги 47,7 километр марказий кўча ва ички хўжалик йўлларида 37,5 миллиард сўмлик реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Бугунги кунда юртимизда туризмни янада ривожлантириш, мавжуд инфратузилмани янада яхшилаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Қизилтепа, Нурота, Навбаҳор ва Кармана туманларидаги 5 та объектда 19 километр узунликдаги автомобиль йўлларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, вилоят сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда 218,8 километр ички хўжалик йўлларига шағал ётқизилди.
Навоийлик йўлсозлар томонидан 2022 йилда ҳам йўл инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида барча дастурлар доирасида қарийб 469 километр узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган.
Вилоятда жорий йил икки ойи давомида сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳашар йўли орқали 221 километрдан ортиқ тупроқ йўллари шағал қопламага ўтказилди.
Албатта, бугун қай бир соҳада ислоҳотлар амалга оширилмасин, уларнинг барчаси инсон қадри учун, халқимиз турмуш фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА