Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЙЎЛЛАРДАГИ ҚУРБОНЛАР: Бу ниманинг оқибати?
19:56 / 2023-11-23

Йўллар – улар аслида ҳаёт йўллари. Уларсиз умримизнинг бирор кунини тасаввур қилиш қийин. Бироқ, бу йўллар гоҳида хавф ёки ҳалокат манбаига айланиши ёмон.

Ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйлаб бир кунда 3 мингдан ортиқ одам йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлади. Ўзбекистонда авариялар оқибатида йилига 4 мингдан зиёд  фуқаро вафот этади.  

Давлатимиз раҳбари бу масалага эътибор қаратиб, қурбон бўлаётганлар орасида ёшлар борлиги ўта аянчли ҳолат эканлигини қайд этган.  

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизматидан маълум қилишларича, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида хавфсиз ҳаракатланиш учун шароит яратиш ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.  

Кейинги пайтда пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари кўпайгани сабабли Тошкент шаҳрида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларига 250 та чақирув тугмали светофор ўрнатилди.  

Ички ишлар вазирлигининг кўрсатмасига асосан республика миқёсида пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича “Диққат, пиёда!” тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.  

Ҳайдовчилар ва пиёдалар амалда қоидаларга қандай риоя этмоқда? Буни билиш мақсадида пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри ёнида туриб, вазиятни бироз кузатдик.  

Пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтмоқчи бўлаётган аёлни кузатарканмиз, унинг йўлдан ўта олмаётганига гувоҳ бўлдик. Аёл қўлидаги сумкаси билан ўтмоқчи эканига ишора қилгандан кейингина унга йўл беришди. Шунда ҳам йўлакда одам ўтаётганига парво қилмай ўтиб кетган ҳайдовчилар бўлди.  

Аёлни суҳбатга тортдик. Ўзини Марина Ивановна деб таништирган аёл Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри чиптахонасида ишлар экан.  

– Пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтганимизда кўпинча ҳайдовчилар йўл беришни хоҳламайди, – деди М.Ивановна. –  Бирор ишора қилмагунча, тўхташмайди. Тўғри, ҳар хил ҳайдовчилар бор. Қоидаларни яхши биладиган, маданиятли ҳайдовчилар ҳам бор. Аксинча бўлган ҳайдовчилар туфайли пиёдалар жабр ҳам кўради. Икки йил олдин театримизда пардозчи бўлиб ишлайдиган қизни шу атрофдаги пиёдалар йўлагида автомобилда уриб юборишди. Ҳали турмушга ҳам чиқмаган ёш қиз, афсуски, вафот этди.  

Пиёдалар йўлагидан камерани ёққан ҳолда ўтиб кўрмоқчи бўлдик. Транспорт воситалари камайгач, белгиланган жойдан кесиб ўтаётганимга қарамай, тезлик билан етиб келган “Матиз” ҳайдовчиси бундан норози бўлиб, сигнал чала бошлади.  

Ўша йўлакдан яна ортга қайтишга, тўғриси, юрагим дов бермади. Сал юриб, ер ости йўлидан ўтарканман, пиёдага қийинлигини ўйладим. Яна бир йўлдан светофорнинг яшил чироғида ўтиб олдим. Ортга қараганимда эса икки йўловчи светофорнинг қизил чироғида ўтиб кетаётган эди. Яхшиямки, йўлда автомобиль йўқ эди. Яшил чироққа ишониб ҳаракатланаётган ҳайдовчи бўлганида бу вазиятда унга ноқулайлик туғилар эди.    

Демак, ҳайдовчими, пиёдами, йўлларда ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя этиши мақсадга мувофиқ. Зеро, мутахассислар фикрича, йўл қоидасига амал қилиш нохушлик, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олади.  

Чунки содир бўлаётган нохуш ҳолатлар тезликни ошириш, ҳаракат қоидаларига риоя қилмаслик, транспорт воситалари ва велосипед ҳайдовчилари, шунингдек пиёдалар учун йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғри ва тизимли йўлга қўйилмагани оқибатида рўй бермоқда.  

Президентимиз тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига жамоат транспортини ривожлантириш, светофорлар ўрнатиш, тирбандликнинг олдини олиш, пойтахт кўчалари ва ҳудудлардаги йўлларни тартибга солиш бўйича қатъий чоралар кўриш вазифаларини топширди. 2024 йил бу борада жиддий ўзгаришлар йили бўлишини таъминлаш вазифаси қўйилди.  

Светофорлар ўрнатилаётгани, профилактик тадбирлар ўтказилаётгани йўллардаги нохушликларнинг олдини олишга қаратилган. Аммо шунга қарамай, аҳолининг йўл ҳаракати қоидаларига беписанд муносабати барҳам топмаяпти. Кейинги пайтда пойтахтда пиёдалар иштирокида 400 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди.  

“Диққат, пиёда!” тадбири доирасида 40 мингга яқин қоидабузар пиёда аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий чора кўрилди.  

Жумладан, йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш бўйича 1 минг 542, йўлнинг қатнов қисмидан маст ҳолда ҳаракатланиш бўйича 17, велосипедда ҳаракатланиш қоидаларини бузиш бўйича 35, пиёдага йўл бермаслик билан боғлиқ 629 ҳолат аниқланган.  

Пиёдаларга йўл бермаган ҳайдовчиларга нисбатан ҳам маъмурий чоралар кўрилмоқда.  

Тўрт мингдан зиёд пиёдалар ўтиш жойларида йўл белгилари янгиланди. Хавфли деб топилган 250 га яқин пиёдалар ўтиш жойлари ёпилди.  Ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.  

Айтиб ўтиш керакки, йўлларда ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи жами 2,5 мингдан зиёд камера ва радарлар ўрнатилган.  Аҳоли яшаш жойларида ҳаракатланиш 60 километр соатга туширилди. Бунинг ҳисобига ҳудудларда авариялар 30 фоизга камайган.  

Бу барибир хотиржамликка берилишга асос бўла олмайди. Чунки ҳайдовчилар ҳам, пиёдалар ҳам йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилса, йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмаслиги мумкин. Ахир қоидабузарликларнинг  ярмидан кўпи субъектив сабабларга кўра, яъни ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига эътибор бермаслиги оқибатида келиб чиқмоқда.  

Барча йўл ҳаракати қатнашчиларида юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантирмасдан туриб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиб бўлмайди. Шу боис бу жараёнда нафақат соҳа ходимлари, балки кенг жамоатчилик биргаликда ҳаракат қилиши зарур. Қолаверса, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни ҳар ким ўзидан бошлагани маъқул.  

 <iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/F4C2Y1oxZcc?si=CnygZDr8hCY_p-NR" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Норгул Абдураимова,  

ЎзА