Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўллардаги ўйдим-чуқурлар автомобилга зарар етказса, зарарни ундириб олиш мумкинми?
18:15 / 2022-05-24

ЮРИДИК КЛИНИКА

Маълумки, одатдагидан кўп ёғингарчилик кузатилганда, йўлларда жиддий чуқурликлар сони ҳам кўпаяди. Бундай пайтларда кўчаларни соз ҳолатга келтириш бўйича ҳокимликлар томонидан тегишли чоралар кўрилади.

Шу ўринда савол туғилади: йўллардаги ўйдим-чуқурлар автомобилга зарар етказса, зарар қандай қопланади? Бундай пайтда харажатларни ким тўлайди?

Ушбу саволларга Тошкент Давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддинов жавоб берди.

– «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасига кўра, автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари келтириб ўтилган. Унга кўра, автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга.

Жумладан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан, шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг кўчаларидан, шунингдек, бошқа шахслар фойдаланиши учун очиқ бўлган хўжалик автомобиль йўлларидан ўтиш, муттасил, йил давомида хавфсиз ва қулай шароитларда ҳаракатланиш, йўлдаги шароитлар тўғрисида тезкор ахборот олиш ҳамда автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш ҳуқуқига эга.

– Чуқурликлар автомобилга зарар етказса, бунинг харажатини ким қоплайди?

– «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддасига асосан автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга йўлдаги носозликлар туфайли етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган тартибда қоплаши шарт.

Республиканинг барча умумий фойдаланадиган автомобиль йўллари қайсидир махсус ваколатли орган ихтиёрида бўлади. Бунда йўлга масъул 3 хил ташкилот бўлиши мумкин.

Хусусан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари – «Ўзавтойўл» қўмитаси ихтиёрида, шаҳарлар ва аҳоли пунктлари кўчалари, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари – маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида ҳамда хўжалик автомобиль йўллари эса, тегишли ташкилотлар ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлади.

Гулноза Бобоева, ЎзА