Сифатли йўллар мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлигининг муҳим омилларидан биридир. Йўл инфратузилмаси қанчалик ривожланган бўлса, иқтисодий алоқалар, савдо-сотиқ, туризм ва ишбилармонлик фаолияти шунчалик самарали бўлади. Яхши ҳолатдаги йўллар фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаб, вақт ва харажатларни тежайди, транспорт воситаларига тушадиган зарарни камайтиради. Шу билан бирга, сифатли йўллар шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаб, ҳудудларнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, республикада жами 184 минг 596 км. автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 42 минг 371 км.ни, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари 142 минг 225 км.ни ташкил этади.
Хўш, ўтган 2025 йилда ҳудудларда йўлларни ободонлаштириш ва таъмирлаш бўйича қандай амалий ишлар амалга оширилди?

Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева соҳада бажарилган ишлар хусусида маълумотлар тақдим этди.
Мутахассисга кўра, 2025 йилда тасдиқланган дастурлар доирасида 4 минг 318 та объектда жами 15 триллион 758 миллиард сўм миқдорида йўл ишлари бажарилган ҳамда 21 минг 553 км. автомобиль йўллари ва 320 та кўприк иншооти реконструкция қилинган, таъмирланган. Шундан, халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар бўйича 300,3 миллион доллар маблағ ўзлаштирилган ҳамда 213,1 км. йўллар реконструкция қилинган.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида транспорт ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатини ташкил қилиш мақсадида 54 мингдан ортиқ йўл белгилари ва кўрсаткичлари, 186 дона светофор ва 120,5 км. йўл тўсиқлари, аҳоли пунктларида 410 км. ўтиш йўлаги ва 382,5 км. велосипед йўлаклари ҳамда 92 км. сунъий ёритиш тизими барпо этилган. 860 км. узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари аутсорсинг асосида эксплуатация қилиш учун хусусий тадбиркорларга берилган.

Автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишларида асосан қайси турдаги қурилиш маҳсулотлари ишлатилган?
Қайд этилишича, автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишларида яроқлилик муддатига асосан сифатли қурилиш материаллари ва янги маркадаги битум маҳсулотлари кенг қўлланилган. Йўл ишларида “ресурс усули”дан воз кечилиб, сифат ва ҳажм кўрсаткичларини назарда тутувчи “ҳажм усули”га ўтилган. Йўлларда юк автомобилларининг вазни ва ҳажмини назорат қилувчи жами 86 та ўлчов-назорат шохобчаси ўрнатиладиган жойлар аукцион савдоларига чиқарилиб, шундан 41 таси бўйича ғолиб тадбиркорлар аниқланган . “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида ҳудудларда 3 017 км. йўл бўйларига 8 миллион 840 минг донадан ортиқ дарахт ва бута кўчати экилган.
Аҳоли ва йўллардан фойдаланувчиларга қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор объектлар фойдаланишга топширилган. Хусусан, Хива шаҳрида 550 метр узунликдаги ер ости автомобиль йўли қурилган, Бекобод туманидаги Дўстлик ва Янгиовул маҳаллалари ҳудудларини боғловчи Сирдарё дарёси устидан ўтган кўприк ва унга олиб борувчи 6 км. автомобиль йўли қурилиб, фойдаланишга топширилган. Шароф Рашидов туманидаги Ислом Каримов кўчасини М39 магистраль йўлига боғловчи янги йўналишдаги 4 км. автомобиль йўли ва 700 пм. узунликдаги йўл ўтказгич қисқа муддатларда қурилиб, аҳоли учун фойдаланишга берилган.

Бундан ташқари Маҳтумқули кўчасидан “Янги Ўзбекистон” боғи чорраҳасигача бўлган қисмида 6,7км. автомобиль йўли ҳамда "Олимпия шаҳарчаси"га туташ ҳудудларда 21 км. спорт йўлакчалари фойдаланиш учун тақдим этилган. Бўстонлиқ туманида “Тошкент-Бўстонлиқ” автомобиль йўлида ер ости пиёдалар ўтиш туннели қисқа муддатларда қурилиб фойдаланишга топширилди.
2026 йилда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ривожлантириш учун 5 трлн. 930 миллиард сўм маблағ ажратилган. Мазкур маблағлардан 1 триллион 898 миллиард сўм Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига мувофиқ умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, кўприклар ва йўл ўтказгичларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек объектларни жиҳозлаш ва техника харид қилиш учун сарфланиши кўзда тутилган. Шунингдек, бошқа йўналишлар учун 480 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, сақлаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан боғлиқ харажатлар учун 3 триллион 578 миллиард 600 миллион сўм, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун 442 миллиард 400 миллион сўм ҳамда Автомобиль йўллари қўмитасидаги лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларини сақлаш харажатлари учун 11 миллиард сўм сафарбар этилади.
Хулоса қилиб айтганда, йўл соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаётини енгиллаштириш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришга қаратилган муҳим қадамдир. Янги йўллар қурилиши, мавжудларини таъмирлаш ҳамда замонавий инфратузилма жорий этилиши орқали фуқаролар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратилмоқда. Келгусида ҳам ушбу ислоҳотлар изчил давом эттирилиши орқали мамлакатимизда транспорт тизими янада такомиллашиб, аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди,
ЎзА