English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўлларда хавфсизликни таъминлашда аҳоли ва йўл ҳаракати иштирокчиларининг фикри инобатга олинади
15:23 / 2024-02-01

Ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйлаб бир кунда 3 мингдан ортиқ одам йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлади. Шу боис, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бугун бир минтақа ёки ҳудуд эмас, бутун сайёрамиз миқёсида глобал муаммога айланмоқда.

Мамлакатимизда ҳам йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, яъни турли қоидабузарликлар содир этилиши, инсонлар ўлими билан боғлиқ мудҳиш ҳолатларнинг олдини олиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. 

2024 йил 19 январда қабул қилинган “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун шу мақсадга хизмат қилади. Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун жорий йил 27 июлдан кучга киради. 

– Амалдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун 2013 йил 10 апрелда қабул қилинган, – дейди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов. – Қонун мутахассислар томонидан таҳлил қилинганда, унда қайта ўрганиб чиқилиши ҳамда такомиллаштирилиши лозим бўлган нормалар мавжудлиги аниқланди. Жумладан, қонун нормалари бугунги шиддат билан ўзгараётган замон талабларига, амалга оширилаётган ислоҳотларга тўла мос келмаслиги маълум бўлди. Шу каби камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди. 

Қабул қилинган мазкур қонун 7 боб ва 58 моддадан иборат бўлиб, унда юзага келаётган қатор муаммо ва тушунмовчиликларга барҳам берадиган меъёрлар белгиланди. 

Қонунда “йўл” тушунчасига таъриф берилиб, соҳа амалиётидан келиб чиқиб, йўл ҳаракати соҳасидаги асосий принциплар белгиланди. Жумладан, эндиликда йўлларда хавфсизликни таъминлашда маҳаллий аҳоли ва йўл ҳаракати иштирокчилари фикрининг инобатга олиниши ҳамда экологик хавфсизлик ва атроф-муҳит муҳофаза қилинишининг устуворлиги йўл ҳаракати соҳасидаги асосий принциплардан бири бўлди. 

Қонун билан йўл ҳаракати соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Транспорт вазирлиги ва унинг идоравий ташкилотлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Давлат божхона қўмитасининг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилди. 

Натижада йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга нафақат тор доирадаги масъул ташкилотлар, балки бошқа давлат идоралари ва кенг жамоатчиликнинг салоҳияти сафарбар этилади. 

Алоҳида қайд этиш лозимки, йўл ҳаракати соҳасида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ваколатлари кенгайтирилди. Йўл ҳаракатини ташкил этишда – ҳаракатланишнинг белгиланган тезлик билан таъминлангани, йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти, йўлнинг ҳаракатланиш билан юкланганлик даражаси, ҳаракатнинг узлуксизлиги ва қулайлиги, йўлнинг тоифасига қараб транспорт воситаларининг ўқларига тушадиган оғирликка ва юк кўтариш қобилиятига кўра ўтказиш қуввати ёки умумий юк кўтариш ҳажми инобатга олиниши махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди. 

Қонунда йўл ҳаракатини ташкил этишга доир умумий талаблар, хусусан, йўл эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ташқи реклама ва ахборот объектларини жойлаштириш бўйича нормалар белгиланди. Жумладан, йўл ҳаракатини ташкил этишга монелик қилувчи ташқи реклама ва ахборот объектларини жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги назарда тутилган. 

Бундан ташқари, йўлнинг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган участкаларида йўл ҳаракатини ташкил этиш тартиби ҳам аниқ белгиланди. Хусусан, йўл участкаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ёки таъмирлаш бўйича ишлар бажарилаётганда йўлнинг мазкур участкаларидаги қатнов қисмининг кўпи билан эллик фоизи ўтиш учун чекланиши ёки ёпилиши мумкин, таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани тўғрисида эса фуқаролар оммавий ахборот воситалари орқали олдиндан огоҳлантирилиши лозим. 

Қонунга кўра, кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларда тўхтаб туриш жойларини қуриш – ушбу ҳудудда экологик хавфсизликни ҳамда атроф-муҳитга, аҳолининг соғлиғи ва осойишталигига салбий таъсирни камайтириш ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши зарур. 

Тўхтаб туриш жойларига бўлган эҳтиёжларни аниқлаш учун мазкур ҳудудда фойдаланувчиларга хизмат кўрсатилиши учун зарур бўлган транспорт воситаларининг сони, шунингдек, уларнинг келгусида кўпайтирилиши инобатга олиниши керак. 

Шу билан бирга, қонунда пулли тўхтаб туриш жойларига доир талаблар, пулли тўхтаб туриш жойлари эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилди. 

Ушбу нормаларда тўхтаб туриш жойларида унинг кириш ёки ундан чиқиш жойига туташ бўлган алоҳида жойлар ногиронлиги бўлган шахслар бошқарадиган ва ушбу шахсларни ташийдиган транспорт воситалари учун ажратилиши таъминланиши шартлиги алоҳида қайд этилди. 

Йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам қонун билан аниқ белгилаб қўйилди. Жумладан, йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўлларда ҳаракатланишнинг хавфсиз шарт-шароитларига бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланди. 

Қонун йўлларда фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракатини ташкил этишни тўғри ва тизимли йўлга қўйиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. 

Норгул Абдураимова, ЎзА