Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўлларда хавфсизликни таъминлаш инсон ҳаётини асраш демакдир
12:42 / 2025-10-25

25 – октябрь – Ички ишлар ходимлари куни. Мазкур сана Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари учун нафақат байрам, балки масъулиятни янада теран ҳис этиш, хизматни таҳлил қилиш, эришилган ютуқларни баҳолаш, мавжуд муаммолар устида фикр юритиш куни ҳамдир.

– Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда фақат жарима солиш ёки қоидабузарликларни аниқлаш билан чекланиб қолинмайди, бу – бутун жамият хавфсизлигига дахлдор масала, – дейди  бошқарма бошлиғи подполковник Алимаҳаммат Сайдаҳматов. – Шу боис, профилактик тадбирларга, аҳоли билан жонли мулоқотлар  ва инфратузилмани яхшилашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Жорий йилда маҳаллаларда, таълим муассасаларида, автокорхоналарда кўплаб суҳбатлар ўтказдик.  Кўчаларга янги йўл белгилари ўрнатилди, светофорлар янгиланди, пиёдалар ва велойўлаклар кенгайтирилди.

Йўлларда хавфсизликни таъминлаш  инсон ҳаётини асраш деганидир. Йил бошидан буён амалга оширилган ишлар бунинг ёрқин ифодасидир: 450 та автокорхонада, 580 та таълим муассасаси ва 350 та маҳаллада профилактик тадбирлар ўтказилди. 1282 та янги йўл белгиси ўрнатилди, 400 минг квадрат метр йўл чизиқлари янгиланди.

– Ҳар бир ҳайдовчи билан мулоқот – бу биз учун тарбия, тушунтириш, огоҳлантириш имкони, биз қонунни ўқитмаймиз, уни ҳис қилдиришга ҳаракат қиламиз, – дейди ЙҲХБ катта инспектори, катта лейтенант Аббос Дадашов. – Жорий йилда  “Диққат пиёда” рейдларини 32 марта ташкил этдик, ўнлаб жонли учрашувларда иштирок этдик. Мақсадимиз – ҳар бир қоидабузарлик ортида инсон ҳаёти туриши мумкинлигини унутмаслик кераклигини англатишдан иборат. Чунки инсон ҳаёти барча нарсадан устун.

Мавсумий тадбирлар даврида ҳам хизмат узлуксиз давом этади. Ғалла ва пахта йиғим-терими пайтида вилоят бўйлаб юзлаб техникалар ҳаракатда бўлади. Улар техник кўрикдан, ҳайдовчилар эса тиббий назоратдан ўтказилади.

– Ахборот – жуда катта, қудратли куч. Биз оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали  қонунчиликдаги янгиликлар, ҳаракат хавфсизлиги ҳақидаги маълумотларни кенг кўламда тарқатишга ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, ходимларимизнинг маънавий етуклигига ҳам жиддий эътибор қаратаяпмиз. Улар учун зиёратгоҳларга саёҳатлар, маънавий-маърифий тадбирлар, мулоқот ва  тренинглар уюштирмоқдамиз, – дейди ЙҲХХ ахборот гуруҳи мутахассиси Сабоҳат Давлатова.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида жиззахлик инспекторлар нафақат йўлларда, балки одамлар билан мулоқотда, муаммони жойида ҳал этиш ва ижтимоий фаолликда ҳам  намуна бўлишмоқда.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА