Нурафшон манзиллар, юксак мақсадларимиз сари элтувчи йўллар ҳамиша бизга ҳамроҳдир. Кенг, равон, шишадек силлиқ йўллар манзилимизни яқин, кўнглимизни чароғон қилади. Юртимизда кенг ва равон магистраллар, энг сўнгги технологик ютуқларни ўзида мужассам этган муҳташам кўприклар, ер ости ва ер усти йўлларини қуриш кўлами ва сифати йилдан-йилга ортиб бормоқда. Дунё андозаларига мос, кенг автомобиль йўлларини қуриш учун эса миллиардлаб маблағ, юзлаб ишчи кучи зарурлиги кундек аён ҳақиқат.
Ўзбекистондаги жами автомобиль йўллари тармоғи узунлиги 209,5 минг километрдан зиёд. Унинг 42,869 километри умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, 141,883 километри ички хўжаликлараро, қишлоқ, шаҳар ва овулларнинг автомобиль йўллари, 24,745 километри эса идоравий инспекторлик йўллари тармоғи ҳисобланади. Шунингдек, автомобиль йўлларининг 9 фоизи халқаро, 33 фоизи давлат ҳамда 58 фоизи маҳаллий аҳамиятдаги йўллардир.
Бу ҳақида Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун "2021 йилда йўл қурилиши ва таъмири соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳамда уларнинг сифат назорати" мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари қўмитаси бошқарма бошлиғи Отаназар Жуманиёзов ва бошқалар автомобиль йўллари соҳасида олиб борилаётган ишлар, автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболлари борасида тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, жорий йил Инвестиция дастурига асосан 2735,8 километрлик умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳамда "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" ва бошқа дастурларга асосан 10 114,5 километр ички йўлларда, шаҳар кўчаларида қуриш, қайта қуриш ишлари амалга оширилади. Айни пайтда "маҳаллабай" юриб, таъмирланишга муҳтож, зарур йўллар аниқланиб, рўйхатга киритилмоқда.
2021 йилнинг I чораги давомида умумфойдаланувдаги 335 километр автомобиль йўлларида қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажарилди. Минтақавий автомобиль йўллари ҳолатини зарур даражага келтириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ҳам сезиларли ишлар қилинди. Хусусан, I чорак мобайнида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа дастурлар асосида 3 578,3 километрдан ортиқ ички йўллар таъмирланди.
Ҳар бир соҳа ривожида ҳуқуқий асослар муҳим ўрин тутади. Шу маънода автомобиль йўллари соҳасидаги норматив ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича 25 та ҳужжатга тегишли ўзгартишлар киритиш таклифи ишлаб чиқилган. Шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Соҳада амалга оширилаётган қатор саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳамон йўллар муаммоси аҳолини қийнаб келаётгани сир эмас. Айниқса, маҳаллий ва ички йўлларнинг абгор ҳолати ҳар бир ҳудудда дуч келинаётган, йиллар давомида фуқароларнинг арзу додига сабаб бўлаётган масалалардандир. Буни давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи давомида кутилмаганда кириб бораётган кўчалари мисолида ҳам кўп бора кузатяпмиз, гувоҳ бўлаяпмиз. Ёзда чанг, тупроқ, куз-қишда лой, балчиқ йўллар ҳам пиёдаларни, ҳам ҳайдовчиларни қийнаб келади. Ҳатто кўплаб марказий йўлларнинг ҳолати ҳам ҳаминқадар эканлиги нафақат маҳаллий аҳоли вакиллари, балки хорижий сайёҳлар эътирозига ҳам сабаб бўлаётир.
Қўмита вакилларининг тақдим этган маълумотларига кўра, қурилиб фойдаланишга топширилган янги йўллар ҳар 6 йилда ўрта таъмирланиши, 12 йилда капитал таъмирланиши, 16 йилда қайта реконструкция қилиниши лозим экан. Бир сўз билан айтганда, белгиланган меъёрларга кўра, янги йўл 16-20 йилга мўлжаллаб барпо этилар, шунча муддат давомида аҳолига хизмат қилиши лозим экан. Аммо, афсуски, бу каби самарадорликка, сифатга эришиш амримаҳол.
Тўғри, иқлим шароитлари, об-ҳаво, табиат инжиқликлари йўллар сифатига салбий таъсир қилмай қолмайди. Бундан ташқари, кўпи билан 7 тонналик босимга мўлжалланган автомобиль йўлларида 30-40 тонналик юк машиналарининг серқатнов бўлиши йўллар ҳолатига ўз таъсирини кўрсатади. Шундай бўлсада, барча салбий таъсир ва омиллар қурилиш лойиҳаси даврида инобатга олиниши лозим эмасми? Айрим барпо этилаётган йўллар ҳатто 1 йилга чидаб бера олмаётгани, кўп ўтмай абгор ҳолга тушиб қолаётгани кишини ўйга толдиради. Аҳоли эътирозларига, норозилигига сабаб бўлади. Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари йўл қурилиши соҳасига оид ана шу каби ўткир муаммоларни ўртага ташлади. Сифатли йўлларга эга бўлиш энг муаммоли масаламиз эканлиги қайд этилди. Аслида йўллар мамлакатнинг қон томирларидир. Равон магистраллар тараққиётга, ривожланишга хизмат қилувчи воситадир. Шундай экан, автомобиль йўллари сифати борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талай. Соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар тегишли мутасаддилар эътиборини тортиши, масъулиятини яна бир карра ошириши лозим.
Муҳтарама Комилова, ЎзА