Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёлғон рекламанинг касрига қолган одамлар
12:16 / 2022-01-07

Доно халқимиз синалмаган отнинг сиртидан ўтма, деган нақлни бежиз айтмаган.

Ота-боболаримиз бундай нақлларга амал қилиб кам бўлишмаган.

Аммо замон тезлашгани сари асрлар синовидан ўтган нақлларни эслашга вақтимиз йўқдек. Уларга бугунги кунда амал қилиш уёқда турсин, “эскилик сарқити” қабилида қарашлар ҳам бор.

Шунинг касри бўлса керакки, қаерга қарасанг алданиб, чув тушиб қолаётганларни учратиш мумкин. Чиройли ваъдалар берилиб, катта даромад, автомашина ёки квартира каби моддиятлар ҳақида хабар тарқатилса, кўпчиликнинг қулоғи динг бўлиши тайин.  

Мана шу нафси очлик турли молиявий найрангбозлар бозорини гуллатди. Аҳмадбойу “олтмиш ой”чиларга одамлар  мисқоллаб йиққан маблағини қўшқўллаб тутқазди.

Энг қизиғи, айнан мана шу ҳолатлар ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали жуда кўп бонг урилди. Шунга қарамай ёлғон ваъдаларга ишониб, алданиб қолаётганлар ҳамон учраб турибди.
Агентлигимизга йўлланган навбатдаги мурожаатда Навоий вилоятидан бир гуруҳ фуқаролар автомашина илинжида хусусий тадбиркорга пул тўлагани, бироқ машинадан дарак бўлмаганию, тўлаган пулларини ололмаёганини баён қилишган.  

Юқорида “олтмиш ой”чиларни бежиз тилга олмадик. Чунки айнан “Avto oltmish oy” масъулияти чекланган жамияти масъуллари минглаб фуқароларни алдаб, пулларини туя қилган эди. Жамият раҳбари  Ж.Б. ва бошқаларга нисбатан суд ҳукми ўқилиб, улар узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган.

Навоий шаҳрида фаолият юритган якка тартибдаги тадбиркор Г.А. ҳам айнан шу ҳолатни такрорлади. У ҳам фуқароларга беш йилга автокредит очганию, машина бир неча кунда келтириб берилишини айтгач, юзлаб кишилар унга 30-40 миллион сўмдан пулларини келтириб беришади. Бироқ, уларга автомобиль олиш насиб қилмаган.
Мурожаатчилардан бири Хуршида Бафоеванинг айтишича, машинадан дарак бўлавермагач одамлар тадбиркор фаолияти бўйича суриштирув ўтказишган. Шунда фирма ёпилгани маълум бўлган. Одамлар эса алданганини тушунган ва тадбиркорни судга берган.

Ушбу ҳолат бўйича 2020 йилда бир неча марта суд жараёнлари бўлиб ўтган. Табиийки, зарар кўрган фуқароларнинг йўқотган маблағини қайтариш ҳақида суд қарори чиқарилган. Дастлабки суддан кейин фуқароларга тўлаган маблағининг 45 фоизи ундириб берилган.

Фақат қолган маблағларни ундириш ҳамон муаммолигича қолмоқда. Фуқаролар қолган маблағни ундириш бўйича юқори судга ва бошқа ташкилотларга тинмай мурожаат қилиб келмоқда. Бироқ... Фуқароларга берилиши керак бўлган 250 миллион сўмни ундириш чорасини ҳеч ким топиб бера олмаяпти.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти апелляция инстанцияси суди ажримига кўра, ушу фирибгарликка оид иш бўйича айбдорларга жазо ҳам тайинланган. Фирмага алоқадор беш кишидан икки нафари озодликдан маҳрум этилган, уч нафарининг озодлиги чекланган.  

Ушбу ишга оид ҳужжатларда 60 нафарга яқин шахс “беш йилга фоизсиз кредит эвазига автомашина!” деган баландпарвоз, ёлғон рекламага ишониб сохта тадбиркорга маблағини топширган.

Шунча одам алданиб қолгунича ана шу ёлғон реклама Навоий шаҳри кўчаларидаги катта-катта таблоларда юз, балки минг марталаб айланган. Аммо, афсуски, унинг рост ёки ёлғонлиги ҳеч кимни қизиқтирмаган. Ваҳоланки, шу рекламаларни нафақат оддий одамлар, балки масъуллар, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ҳам кўрган. Фоизсиз кредит, деган сўзларнинг ўзиданоқ ёлғон ҳиди келиб турган бу ишни тўхтатувчи мард топилмаган. 
Қонунга кўра эса ёлғон реклама тарқатиш тақиқланади!

Албатта, ҳар қандай масалада суд охирги нуқтани қўяди. Алданган, маблағидан ажралган фуқароларга етказилган зарарни ундириш бўйича суд қарори бор. Аммо уни охиригача ундиришга келганда иш йиллар оша оқсаб келмоқда. Жабрланувчилар эса ҳуқуқи тикланишини истайди.

Қонун, суд, ижро... Ҳаммаси рисоладагидек. Фақат одамлар алданиб қолишига томошабин бўлган масъуллар, ёлғон рекламага чек қўймаган ҳуқуқбонлар ҳаракатсизлиги рисоладагидек эмас!

Нега одамлар хотиржам яшашига, ҳуқуқлари таъминланишига масъул қилиб қўйилган шахслар бундай ҳолатларда томошабин бўлиб қолаверади?

Норгул Абдураимова, ЎзА