Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёлғон чақириқ инсон ҳаёти хавф остида қолишига сабаб бўлиши мумкин
13:08 / 2021-12-15

Тез тиббий ёрдам хизматида энг муҳим мезон нима? Албатта, тезлик! Аввало, чақирув манзилига жуда қисқа вақт ичида етиб бориш керак! Сўнг беморга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт!

Шундан кейин, зарурат бўлса, беморни шошилинч равишда шифохонага олиб бориш талаб этилади. Бу жараёнда ҳар дақиқа, ҳатто ҳар сония ҳисобли. Бироқ юртимизда “Тез ёрдам”нинг тезлигига салбий таъсир этувчи омиллар, афсуски, ҳали-ҳануз мавжуд. 

Масалан, яқинларимиздан бири тўсатдан дард чекиб қолса, дарҳол “103” рақамини терамиз. Аммо тиббиёт ходимлари етиб келишини ҳам кутмай беморни бошқа машинада касалхонага олиб кетиш ҳолатлари баъзан учраб туради.

Бундан ташқари, чақирув манзилини нотўғри бериш, устига-устак, “Тез ёрдам” етиб борганида, эшикни очмаслик, телефон қўнғироқларига жавоб бермаслик каби нохуш вазиятларга ҳам шифокору ҳамшираларимиз кўп гувоҳ бўлишади.

Ёки “103”га мурожаат қилиб, тиббиёт бригадаси айтилган манзилга энди етиб келганида, чақириқни рад этиш ҳолатлари ҳам такрорланиб туради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра,  жорий йилнинг 1 январидан 1 декабрига қадар “Тез ёрдам” хизматига мамлакатимиз бўйича жами 6 минг 301 та ёлғон чақириқ келиб тушган.

Тўғри, бу ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда қарийб 1 минг 800 та кам кўрсаткич. Аммо ёлғон чақириқлар ҳақиқий беморлар ҳаётини хавф остига қўйишини инобатга олсак, унинг биттаси ҳам давлат ва халқ учун катта зиён келтиришига шубҳа йўқ.

Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, энг кўп  ёлғон чақириқлар келиб тушган ҳудудлар рўйхати бошида 1 минг 317 та кўрсаткич билан Тошкент вилояти турибди. Кейинги ўринни Фарғона вилояти эгаллаган – 942 та ёлғон чақириқ.

Шунингдек, “Тез ёрдам”га пойтахтимиздан 894 та, Қашқадарёдан 874 та ҳамда  Навоий вилоятидан 842 та ёлғон чақириқ келиб тушган.

Яна бир оғриқли масала: орамизда “иситмам кўтарилмадимикан?”, “қон босимимни ўлчатай-чи”, “уколимни қилдириб олсаммикан?” деган важлар билан ҳам “Тез ёрдам”га мурожаат қилувчилар кўп.

Ваҳоланки, тез тиббий ёрдам ходимлари беморни даволамайди, балки юзага келган ҳолат бўйича шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатади, яъни фақат симптоматик даво чораларини кўради.

Қолаверса, ёлғон чақириқлар тез тиббий ёрдам ходимларига икки баробар кўп ташвиш келтиради. Яъни  қилинган мурожаатнинг ҳақиқатан ҳам ёлғон эканлигини исботлаш зарур. Бунинг учун чақириқда кўрсатилган манзилни аниқлаш, куннинг қайси вақти бўлишидан қатъи назар суриштирув ўтказиш ва шундан сўнг уни ҳужжатлаштириш керак.

Бу эса, табиийки, “Тез ёрдам” хизматига муҳтож беморларнинг кутиб қолиши, ҳатто ҳаёти хавф остида қолишига сабаб бўлиши мумкин.

 ЎзА