Жиззахда шошилинч тез тиббий ёрдам хизмати энди шунчаки чақирувга жавоб берувчи тизим эмас. У вақт билан пойгага тушган, инсон ҳаёти учун жавобгар бўлган замонавий рақамли механизмга айланмоқда.
Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Жиззах филиалида амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари хизмат мазмунини бутунлай ўзгартирди. Илгари дақиқалар билан ўлчанган кутилмалар бугун сониялар ҳисобида назорат қилинмоқда. Чақирув қабул қилинган заҳоти тезкор бригада ҳаракатга келади, манзилга етиб бориш вақти эса аввал 25–30 дақиқа бўлган бўлса, ҳозир 10–15 дақиқага тушди. Энг муҳими, мурожаатдан кейин бригаданинг йўлга чиқиши учун атиги 1 дақиқа кифоя қиляпти.
Бу ўзгаришлар замирида филиалда жорий этилган “Metadata-2” дастури ва электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими турибди. Рақамли ечимлар туфайли ҳар бир чақирув, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир тиббий қарор аниқ ҳисоб-китоб ва назорат асосида амалга оширилмоқда. Айниқса, оғир ҳолатларда айнан шу тезкорлик инсон ҳаёти билан ўлим ўртасида ҳал қилувчи омилга айланяпти.
Яна бир муҳим жиҳат — шаффофлик. Энди мурожаатчининг овозли хабари, беморга қўйилган ташхис, қўлланган дори воситалари ҳақидаги маълумотлар ягона электрон тизимда сақланади. Бу нафақат назоратни, балки таҳлил ва такомиллаштириш имкониятларини ҳам кенгайтиради.

Жиззах филиали замонавий технологияларни жорий этишда ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Yandex платформаси билан ҳамкорликда оғир реанимацион ҳолатларда чақирувларга хизмат кўрсатиш вақти ва масофасини онлайн назорат қилиш тизими ишга туширилди. Бу эса ҳар бир чақирувнинг самарадорлигини аниқ кўриш имконини бермоқда.
Бугун филиалда ҳайдовчи, ҳамшира ва шифокорлардан иборат 3 250 нафар ходим 124 та гуруҳ таркибида фаолият юритяпти. Вилоят бўйлаб 70 та бинода жойлашган тез тиббий ёрдам бўлимлари узлуксиз алоқа, ёқилғи ва электр таъминоти билан таъминланган. Бу бежиз эмас: мурожаатлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Оддий кунларда ўртача 2 500 та чақирув қабул қилинса, мавсумий касалликлар авж олган пайтларда бу рақам 3 800 тагача етади. Фақат 2025 йилнинг ўзидаёқ вилоятда “Тез ёрдам” хизматига 561 минг 894 та мурожаат келиб тушгани ҳам шунинг ёрқин далилидир.
Моддий-техник база ҳам босқичма-босқич мустаҳкамланмоқда. Айни пайтда филиал ихтиёрида 10 та “Ford” ва 2 та “Volkswagen” русумли тез тиббий ёрдам автомашиналари мавжуд. Жорий йилда олис ва тоғли ҳудудлар учун қўшимча 8 та йўлтанламас автомашина харид қилиш режалаштирилган.
Фуқаролар учун яна бир аҳамиятли янгилик — кечаю кундуз ишлайдиган икки постнинг ташкил этилгани бўлди. Энди аҳоли “103” рақами орқали нафақат чақирув қолдириши, балки шифокор маслаҳатини ҳам олиши мумкин.
Қисқаси, Жиззах вилоятида шошилинч тез тиббий ёрдам хизматини рақамлаштириш оддий техник янгиланиш эмас. Бу — инсон ҳаётини асрашга қаратилган, вақтни қадрлайдиган, замон талабига жавоб берадиган тизимни барпо этиш йўлида ташланган қатъий қадамдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири