Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўлдош нефть газини утилизация қилиш лойиҳаси ишга туширилди
14:17 / 2025-10-22

Яқинда Навоий вилоятидаги “Шўрчи” нефтни тайёрлаш қурилмасида йўлдош нефть газини утилизация қилиш лойиҳаси амалга оширилди.

Бу ҳақда Саноат энергетика гуруҳи бош директори Тўлқин Юсупов ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Мазкур лойиҳани Саноат энергетика гуруҳи  Швейцариянинг “VEMA Carbon” компанияси билан ҳамкорликда татбиқ этди. 

Янги инфратузилманинг ишга туширилиши туфайли кунига 20 мингдан 25 минг м3 гача газ қайта ишланмоқда. Бу эса корхонанинг энергия самарадорлигини ошириш ва СО₂ чиқиндиларини камайтириш имконини беради. 

Лойиҳа доирасида еттита ZWF 0.36/6-0.42 компрессор агрегати ва битта Ariel JCG/2 агрегатини ўз ичига олган модулли компрессор қурилмаси (МКҚ) қурилди. Қайта ишланган газни ташиш учун “Оқжар йиғиш пункти” станциясигача 3 км узунликдаги газ қувури ётқизилди. Мазкур имконият газни кейинги қайта ишлаш ва фойдаланиш учун барқарор етказиб беришни таъминлайди.

Лойиҳалашдан тортиб ишга туширишгача бўлган барча босқичлар замонавий муҳандислик ечимларини қўллаган ҳолда, саноат ва экологик хавфсизлик стандартларига қатъий риоя қилиб амалга оширилди. Янги қурилмага қарийб 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган. 

Таъкидлаш керакки, Саноат энергетика гуруҳининг Стратегик лойиҳалар ва илмий-техник ривожланиш департаменти лойиҳа ташаббускори ҳисобланади. Бу компаниянинг муҳандислик ва ишлаб чиқариш бўлинмалари ҳамда “VEMA Carbon” ҳамкорларининг биргаликдаги иши натижасидир. Улар томонидан углерод менежменти ва атроф-муҳит мониторинги соҳасида замонавий ечимлар жорий этилди. 

Яқин келажакда биз коннинг қўшимча қудуқларини жалб этиш орқали кунлик газ ҳайдаш ҳажмини 50 минг м³ гача оширишни режалаштирганмиз.

ЎзА мухбири 

Насиба Зиёдуллаева

 ёзиб олди.