Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўлдош Эшбекка мактуб...
11:19 / 2022-01-19

Ижодкорларнинг бир-бирига газета-журналлар, янги асарлари орқали мактуб ёзиш анъанаси ҳамон сақланмоқда.

Ижодкорларнинг мактублари замирида умумбашариятга хос туйғулар тараннум этиши ўқувчини мушоҳадага чорлайди. Масалан, Фёдор Достоевский, Толстой, Чехов, Саид Аҳмад ва Саида Зунунова каби ижодкорларнинг турли йилларда ёзган мактублари ҳануз ўқувчилар учун қимматли. 

Бугун гўё бу жанр эскиргандек туюлиб, ижод аҳли «Мактублар» ёзишга унчалик эътибор бермай қўйган бўлсада, адабиёт оламида мактуб ёзиш анъанасининг ўзига хос жиҳатлари ҳамон ўқувчилар учун қадрли.
Ёзувчи ва журналист Фармон Тошевнинг таниқли ўзбек шоири Йўлдош Эшбекка ёзган мактуби ана шу унутилаётган анъанани ўқувчиларга яна бир бор эслатиш билан бирга «МАКТУБ»лар жанрини давом эттирибди.
 

КИТОБИНГИЗНИ ЎҚИДИМ 

(Йўлдош Эшбек, «Йиғлаётган қиз»)

Йўлдош ака!
Аввало, янги китоб билан табриклайман. Самарқандлик бир ўқувчингиз, укангиз бўлганим, ижодингизни ўтган асрнинг 80 йилларидан кузатиб келаётганим учун қалбингиз ва маҳоратингизнинг янги имкониятларини намоён этган янги китобдан роса қувондим. Чунки мен сатрларда Миёнкол шаъни ва илмини дилига жо қилиб, Бойтуб яйловлари (туғилиб ўсган қишлоғингиз) кенглигини бағрига сингдирган, Эргаш шоир Жуманбулбул ўғли анъанасини давом эттириб, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи изидан Азим Суюн, Саъдулла Ҳаким, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Шавкат Раҳмон каби иқтидорлар сафида ўзбек шеъриятига жасорат, шиддат ва ўз овози билан кириб келган шоирнинг бугун ҳам ҳавас қиладиган салоҳиятини кўряпман.
Зеро, бу салоҳият ёши улғайиб, фикри тажрибадан теранлашган ижодкорнинг умуминсоний муносабатларга дунёвий нуқтаи назардан қараган хулосаларида олам бирлиги самимиятда, сабру қаноатда экани чиройли ташбеҳларда яққол кўзга ташланади:

Осмон унда осмондир,
Усиз ғурбат зиндондир,
Хизмат – шукр эҳсондир,
Авайлаб юргин доим


                                        («Отанг» шеъридан).

Бинобарин, «Йиғлаётган қиз» шеърингиз гарчи анчадан бери таҳлил этилган ва яхши баҳо олган эрсада камина унга қуввайи ҳофизам даражасида муносабат билдирмоқчиман.

Жуда ўринли ташбеҳ топгансиз. Дунё – йиғлаётган қиз! Биз эса фақат «Чархи кажрафтор», «Бири кам дунё», «Беш кунлик дунё», «Бевафо дунё» каби таърифларга кўникканмиз.

Дарҳақиқат, дунё бутун яралган. Бутун дегани – яхши-ёмон, дўсту ғаним, оқилу нодон бақамти яшайди. Уларнинг кураши ҳаёт дейилади. Алишер Навоий «Меҳр кўп кўргуздим аммо, меҳрибоне топмадим», Заҳириддин Бобур «Ким кўрибдур эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилик» дегани фикримиз исботидир.

Сиз буни ўзига хос услубда ифода этгансиз: «Дунё кўзларингдан дунё аламлар», «Сўзга айланмаган ёниш томчилар», «Кўксинга чиройли ўқлар қадалган», «Виждонсиз номусли ниқобин қўймас»...
Гарчи «Сени юпатишга журъат йўқ менда» десангизда, Сиз «йиғлаётган қиз»га муносабатингиз орқали одамларга фақат дунёни англашгина инсонга юпанч бера олишини таъкидлайсиз: «Виждон бу хатодан улғайган азоб», «Алданмоқ – дунёга назар, англамоқ».

Дунёни ёмон кўриб, ундан кечиб бўлмайди. Яшашни чидаганга чиқарган. Шу сабабли «Мен сенга талпиниб, асло толмасман,” «Мен сени севаман, йиғлаётган қиз» иборалари тушунган, фаросатли одамлар учун бугун ҳам ниҳоятда зарур поэтик даъватдир.

Бугун деганимнинг боиси шуки, айрим ижодкорлар ўз дардини айтиб уввос солишдан, ҳаётни масхара қилишдан ор қилмаяпти. Сиз эса «йиғлаётган қиз», яъни дунёга комил назарда бўлишга даъват этасиз, айримларга ўхшаб қарғанмайсиз, жаҳл қилмайсиз, нолимайсиз. Ҳаққа, виждонга сабру қаноатга, яхши кунларга суянасиз. Чунки шиорингиз «Фазолардан баланд инсон, ҳам парвоси ғояси балки нурда кўринадир, балки дилда сояси» («Ой» шеъридан).

Кўпни кўрган, кўп изтиробларни бошдан ўтказган ва дунё моҳиятини англаган инсон сифатида «Нафс» сарлавҳали шеърингизда:

Нафс золимдир, ҳеч вақт йўқ-борга тўймас,
Гоҳо иқрор бўлар, иқрорга тўймас.
У шундай тупроқки, йўқдир унуми,
Ва ҳеч ёмғиру ҳеч қорга тўймас, 
деб эслатиб ўтасиз.

Шеърият аслида илм. Аммо камина байтларингизда устоз Ғафур Ғулом шеърларидаги илмий услубни кўряпман. Фалсафий категория ва қонуниятлар, халқнинг нуқтаи назари, айниқса қишлоқ одамларининг қарашларини ҳар бир сатрингиздан англаб олиш мумкин. Хусусан, китобингизни ўқигач, ортиқча эҳтиёткорлик қўрқоқликка яқинлигини, баднафс ва тушкун шамолга йўрғалишини, ҳаёти комиллар шукр айламаслигини («бойликлари етса ҳам гар осмонга, тўкисдан ахтарар нуқс омиллар»), инсон виждон олдида муттаҳамлигини, махлуқ улуғлиги билан баҳайбат эмаслигини, «Не кам бўлса шудир армон, инсонга»лигини шууримга сингдира олдим.
Йўлдош ака, илм деганлари фақат китобдагина эмас экан. Рудакий ҳазратлари «Кимда ким ҳаётдан олмаса таълим, Уни ўргатолмас ҳеч бир муаллим» деганда юз карра, минг карра ҳақ экан! Лекин бу ҳамманинг қўлидан келмайди. Чунки насиҳат бору ибрат йўқ. Отадан ибрат олмаганлар фарзандига ибрат бўла олмайди.

Сиз бу борада ўқувчига оддий, лўнда ибратни кўрсатгансиз:

Гулдан
Зиё таралар,
Аввал таралган зиёни шимиб олган у.
Нур томчилар,
Томчиларнинг нурини шимиб олган у.
Кўрар кўзга,
Очиқ қулоққа
Бундан ортиқ
Насиҳат йўқ

Ўқувчи шеърни бировнинг дардини билиш учун ўқимайди. У шеърдан ўз қалбига яқин туйғуни, ҳолатни қидиради. Ўз дардини шоир тилида шарҳлайди ва шундан дили таскин топади. Чунки у ёки бу шоир ҳолатни ана шу одам излаган сўзда ифодалайди. Ҳатто «э, бу менинг гапим, менинг ўйлаганим шу» деб, муаллиф ўрнига ўз исмини қўйгиси келади. Жумладан мен Алишер Навоий ҳақидаги «у нурдан найза отмиш тузатмоқ, уйғотмоқ учун» деган таърифингизни, «кафтингни ёпган билан йўқ бўлиб кетмайди нур», «тушкунликка тушсада хўблар асло қўймас умид арқонин», «ой синиқлиги учун ҳам ёруғдир», «уйғоқ юриб ухладим, ухлашим уйғоқ бўлди» каби ташбеҳларингиздан айрим хулосаларимни теранлаштириб олдим.

Устоз, кўнглимдаги яна бир гапни айтмасам бўлмас.
Ижод аҳлининг айримлари отасидан дакки эшитса – уйини, оқсоқол беэътибор бўлса – маҳалласини, раҳбари жиддий огоҳлантирса – ишхонасини, ҳатто жамиятда ўрнини тополмаса ёки чиндан ҳам адолатсизликка дуч келса – Ватанини танқид қилишни одат этган. Мен эса… 

Сизнинг Ватанни севишингизга, улуғлашингизга, унга бўлган катта ҳурматингизга ҳавас қилдим. Ватанни муқаддас деб билиш кишига доимо куч-қувват бағишлаши ҳар бир сатрингизда сезилиб турибди. Ахир мана бу мисраларнинг ҳар бири ҳадислар мисоли ибрат эмасми: 
«Икки томир бўлса икки оёғим,
Яшналган юрт ичра яшил сиёғим».
«Ватан инсоннинг бир қисмидир, бу қисм беҳад улкан ва буюкдир, яъни Ватан инсоннинг бепоён бир бўлагидир».
«Руҳлар гўзал маънода бўлсин,
Асл Ватан навода бўлсин»
 

Устоз, янги китобингизни мутолаа қилиб «Соғиниб яшайман»дан «Мангу масофа»гача бўлган тўпламларингиздаги шеърлар янгисида анча улғайганини сездим. Агар бунга Имом Ғаззолийнинг «Эй, фарзанд», Аҳмад Лутфийнинг «Ўгай она», «Ҳазрати Али», Ўлмас Сулаймоннинг «Сопол китоб» асарларини ўзбек тилига таржима қилганингизни ҳам қўшсак, ижодга бағишлаган ҳар кунингиз бесамар ўтмабди. Бу ибратнинг ўзи бир мактаб. Устоз, ушбу битигимда келтирилган мисолларда гарчи Сиз китобингизда ишлатмаган бўлсангизда, бошқаларга тушунарли бўлиши учун тиниш белгиларини қўйиб чиқдим. Узр. 


«Булбул» номли шеърингизда «Мен гулни эритсам қайноқ ёш-ла гар, Элни ҳам уйғотгум бир кун муқаррар», дегансиз. Илоҳим, ниятингизга етинг! Сиз бир умр Ватанни улуғлаб, элни севиб келаётган инсонсиз ва бу аҳдингиз ҳам ўзингизга, сўзингизга муносибдир!

Ҳурмат билан укангиз
Фармон ТОШEВ