Баъзан маълум бир ҳудудга хос шундай муаммолар бўладики, унинг кўламини ва одамларнинг кундалик ҳаётига таъсирини ҳеч ким шу ерда яшаётган одамлар каби ҳис эта олмайди.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Оқтош маҳалласи аҳолиси кўп йиллар давомида кўприк муаммосидан азият чекиб келаётган эди. Одамлар мазкур масала юзасидан бир неча маротаба ижтимоий тармоқлар орқали чиқишди, масъулларга янги кўприк қуриб бериш бўйича мурожаат қилишди.
– Маҳалламиздаги 576 та хўжаликда 3675 нафар аҳоли яшайди, – дейди Оқтош маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳриддин Абраев. – Ҳудудимиздан Кичик ўра дарёси оқиб ўтган. Биров иш, биров ўқиш, биров тўйга, меҳмонга бориши учун ҳам дарёнинг у ёки бу томонига ўтишига тўғри келади. Энди ўйлаб кўринг, кўприк бўлмаса, бу жуда катта муаммо. Аввал ўзимиз ҳашар йўли билан қўлбола кўприклар қурган эдик, лекин баҳор ойлари сел сувлари сабаб дарё ўзанидан тошиб, қурган кўприкларимизни оқизиб кетаверди. Ўтган йили ҳам шундай бўлди. Бир нечта кўприкларимизни сел олиб кетгач, маҳалла аҳли жуда қийин вазиятда қолди.
Диққатга сазовор томони аҳоли мурожаатларидан сўнг туман ҳокимлиги муаммога эътибор қаратди ва Оқтош маҳалласи ҳудудидаги Оқтош, Терксай ҳамда Жийдабулоқ қишлоқлари аҳолиси учун тўртта мустаҳкам ва замонавий кўприк қуриб берилди. Бугунги кунда маҳалла аҳли пиёда ҳам, автомобилда ҳам Кичик Ўра дарёси устидан бехавотир ўтиб қайтмоқда.
Туманнинг Белибойли маҳалласи Ҳожи Иброҳим қишлоғида яшаётган одамлар ҳам ўхшаш муаммога дуч келди. Қишлоқ аҳли фойдаланиб келаётган ягона қўлбола кўприкни сел олиб кетди. Бу дарёнинг икки томонида яшайдиган аҳоли учун ўзига хос қийинчилик туғдирди.
– Аслида ўша қўлбола кўпригимиздан ўтишнинг ўзи ҳам жуда хавотирли эди, – дейди шу қишлоқлик 70 ёшли оқсоқол Муродулло Валиев. – Айниқса, кекса кишилар, ўқувчилар ҳар куни кўприкдан юрак ҳовучлаб ўтиб қайтарди. Хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермасди. Қишлоғимизда у кўприк билан боғлиқ бир нечта кўнгилсиз ҳолатлар ҳам бўлган. Ўтган йили қўлбола кўпригимизни ҳам сел олиб кетгач, янги кўприк қуриб беришни сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилдик. Натижада, ҳокимлик томонидан муаммога ўз вақтида эътибор қаратилиб, аввалги кўприк ўрнида ундан бир неча маротаба катта ва мустаҳкам кўприк қуриб берилди.
Ҳақиқатан ҳам Кичик Ўра дарёси устида бунёд этилган 60 метрлик бу кўприк ўзининг ҳайбати, чиройи билан ҳам кишини ҳайратга солади. Замонавий муҳандислик талаблари асосида барпо этилган кўприкдан қишлоқ аҳли энди ҳеч бир ҳавотирсиз ўтиб қайтмоқда.
Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Деҳқонобод тумани тоғли ҳудудда жойлашгани боис аҳолида кўприкларга бўлган эҳтиёж катта. Чунки, аввал одамларнинг ўзлари ҳашар йўли билан қурган бундай иншоотларнинг кўпи хавфсизлик талабларига жавоб бермас, қолаверса, яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Муаммога Президентимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада керакли кўрсатма ва топшириқлар берилгач, сўнгги йилларда туманда кўприк қуриш бўйича жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Янаям аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги 5 йил ичида ҳудудда 73 та кўприк янгитдан бунёд этилган.
[gallery-11200]
– Шундан 9 таси сўнгги тўрт ой ичида қуриб битказилди, – дейди туман ҳокими ўринбосари Шердил Эргашев. – Ўтган йил май ойида бўлган кучли ёмғир ва сел тошқинлари Кичик Ўра дарёсининг ўзанидан тошиб, дарё бўйидаги Белибойли, Оқтош, Чамбил, Чашмаимирон, Қўрғонтош ҳамда Торқопчиғай маҳаллалари аҳолиси фойдаланиб келаётган 9 та кўприкни яроқсиз ҳолга келтирган эди. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида бу кўприклар қисқа муддат ичида янгитдан, мустаҳкам қилиб бунёд этилди. Шунингдек, яна 5 та кўприк барпо қилиниши режалаштирилган. Бу кўприклар туманимизнинг Белибойли, Бошчорбоғ, Бойқўрғон, Чилгаз ҳамда Торқопчиғай маҳаллаларида қад ростлайди.
Янги кўприклар очилишини Деҳқонободликлар аъло кайфиятда, катта хурсандчилик ва самимий миннатдорлик билан кутиб олмоқда
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА