Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўл транспорт ҳодисасига носоз йўллар ҳам сабаб бўлмоқда
21:10 / 2022-10-11

Тошкент вилояти ҳудудидаги автомобиль йўлларини қуриш, кўприкларни реконструкция қилиш, ички йўлларни мукаммал таъмирлаш орқали йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича жорий йилда амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар билан таништириш мақсадида ОАВлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Фурқат Аҳмадхонов, “Тошкент вилояти минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати дирекцияси” ДУК мутахассислари ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Қайд этилишича, вилоятда жами 14 минг 157 километр автомобиль йўллари мавжуд. Шундан умумий фойдаланишдаги қисми 3 минг 955 километрни ташкил қилади. 2022 йилнинг ўтган 9 ойида вилоятда 778,1 миллиард сўм маблағ ҳисобида 755,6 километр узунликдаги автомобиль йўллари ва ички кўчалар таъмирланган. Хусусан, капитал таъмирлаш бўйича асосий дастур доирасида авария ҳолатидаги кўприкларни таъмирлаш ишлари бўйича 11 та объектда иш бошланган ва 33,1 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилган.

Ҳозирча жойлардаги 3 та кўприкда таъмирлаш ишлари якунланди. Улар орасида анчадан бери Бекобод шаҳар ва тумани, Бўка, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Оққўрғон туманлари, қолаверса, қўшни вилоятлар ҳамда Тожикистонни Тошкент шаҳри билан боғловчи “Қорасув-Бўка-Бекобод” автомобиль йўли ёпиб қўйилган эди. Мазкур йўлнинг Ўрта Чирчиқ туманидан ўтувчи қисмидаги (темирйўл устидан ўтган) кўприк авария ҳолатида экани туфайли таъмирлаш учун ёпилган. Аммо, ҳалигача бошланмаган. Мутахассислар кўприкни мазкур ҳолатга ойдинлик киритиб, қурилиш бўйича лойиҳалаш ишлари кетаётганини айтиб ўтди.

Матбуот анжуманида айрим автомобиль йўлларидаги носозликлар туфайли содир бўлган 853 та ЙТҲлар ва уларнинг оқибатларига эътибор қаратилди. Маълум бўлишича, бунинг оқибатида 200 нафар шахс ҳалок бўлган, 653 нафар киши тан жароҳати олган. Бошқарма масъулларининг фикрича, ҳалокатларнинг 97 фоизи ҳайдовчилар, 3 фоизи йўл билан боғлиқ муаммолар сабаб содир бўлган.

Журналистлар Нурафшон шаҳри “Оппоқ” МФЙдаги 1 километр йўлни цемент-бетон қилиш ишларини кўздан кечирди. Бу тажриба илк бор қилинаётган бўлиб, ички кўчаларнинг 25 йил давомида соз ҳолда бўлишига замин яратади. Бундан ташқари, йўл учун кетадиган харажатларни камайтиради. Келгусида бу борадаги ишлар бошқа жойларда ҳам амалга оширилади.

А.Мусаев, ЎзА.