Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўл-транспорт ҳодисасидан ўзи асрасин
11:32 / 2022-04-30

Андижон вилоятида жорий йил биринчи чорагида 125 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган.

 Бунинг натижасида 23 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмган, 112 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. 

Минг афсуски, вафот этган ва тан жароҳати олганлар орасида болаларнинг борлиги ачинарлидир. Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари таҳлил этилганда содир бўлган 27 та йўл-транспорт ҳодисасининг барчасида пиёдани уриб юбориш ҳолати қайд этилган. Бунинг оқибатида эса 2 нафар 7 ёшгача, 3 нафар 16 ёшгача бўлган бола вафот этган, турли ёшлардаги 23 нафар бола қайсидир даражада тан жароҳати олган. Ушбу рақамлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 апрелдаги "Автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори бежиз қабул қилинмаганлигини кўрсатади. 

– Вилоятда йўл-транспорт ҳодисаларининг юзага келишининг олдини олиш, йўлларда транспорт воситалари тирбандлигини камайтириш, пиёда ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Андижон вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Диёрбек Абдураззоқов. 

 Шунга қарамасдан йўл-транспорт ҳодисаларининг камаймаётганлиги нафақат бизни, балки кенг жамоатчиликни ташвишга солади. Ана шундан келиб чиқиб, бу борадаги тушунтириш, тарғибот ишларини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятдаги, айниқса, Андижон шаҳридаги серқатнов йўллар четларига, йўл-транспорт ҳодисалари нисбатан кўп содир этилаётган жойларга “тезликни оширмаслик”, “ҳушёр ва огоҳ бўлиш” лозимлигини кўрсатувчи панно ва плакатлар жойлаштирилди. Телевидение, радиоларда видеоролик, кўрсатув ва эшиттиришлар, матбуот нашрлари ва ижтимоий тармоқларда мақола, амал қилиниши лозим бўлган тавсия ва маслаҳатлар мунтазам бериб борилмоқда. 

Бундан ташқари, ҳокимликлар, йўл қурилиши ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда транспорт қатнови ўта юқори ва доимий тирбандликлар юзага келаётган чорраҳаларга қўшимча йўллар очиш бўйича ишлар олиб борилди. Кейинги бир йил ичида йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мутахассислари таклифи билан 4 та ана шундай чорраҳа ва ўтиш жойларида қўшимча ўтиш йўллари барпо этилди. Натижада тирбандликлар бирмунча қисқарди. Бу борадаги ишлар яна давом этмоқда.

 Корхона ва ташкилотлар, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи автоуюшмалар ҳайдовчилари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича суҳбат ва мулоқотлар доимий ўтказиб борилмоқда. Айни кунда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг барча ходимлари вилоятдаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларига бириктирилган бўлиб, ҳафтанинг муайян кунида болалар, ўқувчи ёшларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги борасидаги билимларини бойитиш, йўл қоидаларига амал қилиши юзасидан машғулотлар ўтказмоқда. Олиб борилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад, йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлишининг олдини олишга қаратилган. Энг муҳими, фуқаролар, айниқса, болалар ана шундай ҳодисалар иштирокчиси ва қурбонига айланиб қолмасин.

[gallery-6887]

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, 
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА