Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўл-транспорт ҳодисалари ортишида ота-оналар айбдорми?
11:27 / 2022-06-01

Андижон вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билим ва тушунчаларини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида вилоят ҳудудида 195 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди. Қайд этилган автоаварияларнинг 141 та ҳолатида транспорт воситаси эгаси ёки пиёда тан жароҳати олган бўлса, 54 та йўл-транспорт ҳодисаси ўлим билан якунланган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг 92 таси пиёдалар айби билан содир этилган. 

Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг ана шу даврига нисбатан 114,3 фоизга ортган. Шу ўринда нима учун пиёдалар, айниқса, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари ортиб бормоқда, ана шу ҳодисаларнинг олдини олиш мумкин эдими? Ёки пиёдалар, хусусан, болалар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларидан етарли даражада хабардор этилмаяптими? деган савол туғилади.

– Олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан вилоятда болалар иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари 114,3 фоизга, бунинг оқибатида жароҳат олиш ҳолати 137,5 фоизга, вафот этиш билан боғлиқ ҳолатлар эса 40 фоизга ортган, – дейди Андижон вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Матбуот хизмати бошлиғи, катта лейтенант Диёрбек Абдураззоқов. – Ана шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишда олиб бориладиган зарур ишлар бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, алоҳида фармойиш асосида вилоятда жорий йил 10 майдан 10 июнга қадар “Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги” профилактик тадбирлари ўтказилмоқда. Тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш мақсадида шахсий таркиб ходимлари вилоятдаги барча мактабларга бириктирилди, мактаб ўқувчилари иштирокида 500 га яқин тадбирлар ўтказилди. Пиёдалар, хусусан, болалар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси энг кўп содир этилган Андижон шаҳрида аҳоли ва болалар билан бевосита иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида учрашув, мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Андижон шаҳридаги 2-, 4-, 13-, 45- ва 55-умумтаълим мактабларида бошқа мактаблар ўқувчи ва ўқитувчилари жалб этилган ҳолда ўтказилган кўргазмали семинарлар доирасида болаларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги борасидаги билим ва тушунчаларини оширишга қаратилган амалий машғулотлар, маҳорат дарслари ташкил этилди. 

Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида кўплаб мактаб ўқувчилари била туриб, оддий йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари кўп бора қайд этилди. Минг афсуски, аксарият ҳолатларда бунинг оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари юзага келган. Ана шундай қоидабузарликка йўл қўйган болалар ва уларнинг ота-оналари билан бевосита ишлар олиб борилмоқда. Бундай ҳолатни қайта содир этган 94 нафар боланинг ота-онаси Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси томонидан жаримага тортилди. 

Ота-оналарининг масъулиятсизлиги, фарзандларининг назоратига эътиборсиз қарашлари туфайли айрим мактаб ўқувчилари дўстлари билан серқатнов шаҳар кўчаларида бемалол автомобиль бошқариб юриш ҳолатлари қайд этилаётганлиги янада ташвишлидир.

– Ҳали мактаб ўқувчиси бўлган фарзандлари қанчалар суюкли, эркатой бўлмасин, уларнинг машина бошқаришига рухсат бераётган ота-оналар жуда катта хатога йўл қўймоқда, – дейди Андижон шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Баҳромжон Зокиржонов. – Бу билан улар энг аввало, фарзандининг ҳаётини хавф остига қўймоқда, қолаверса, амалдаги қонун ва тартибларни қўпол равишда бузмоқда. Бундай ҳолатга йўл қўйган ота-оналарга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши керак.

Ҳар бир инсоннинг ҳаёти қадрли. Ана шу ҳаётимизни, бебаҳо саломатлигимизни асраб-авайлаш энг аввало, ўзимизга боғлиқ. Шундай экан, транспортда, йўлларда юрганда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратишимиз муҳимдир. Транспорт воситаси ҳайдовчилари, пиёдалар бир-бирларини ҳурмат қилган ҳолда йўлларда тартибли, маданиятли ҳаракатланишга ўрганиши лозим. Шундагина кўплаб инсонларни ҳаётдан бевақт олиб кетаётган ёки умрбод ногиронлик аравачасида юришга маҳкум этаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишимиз мумкин.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА