Ваҳоланки, бу нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мумкин эди...
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, жорий йилнинг етти ой давомида республика ҳудудида 4 минг 772 йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Оқибатда 1 минг 115 киши ҳалок бўлган, 4 минг 564 нафари турли тан жароҳатлари олган.
Албатта, инсон ўлими билан боғлиқ ҳолат ҳолатларни кечириш қийин. Аммо йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, айниқса олдини олиш мумкин.
Агар ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилганда йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмаслиги мумкин эди. Қоидабузарликларнинг 2,5 мингдан зиёди ёки 51,4 фоизи субъектив сабабларга кўра, яъни ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига эътибор бермаслиги оқибатида келиб чиққан.
Мутахассис ва экспертлар қоидабузарларга нисбатан жазони янада кучайтиришни таклиф қилаётир. Бироқ, бу билан асосий мақсадга эришиш мушкул. Демоқчиманки, барча йўл ҳаракати қатнашчиларида юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантирмасдан туриб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиб бўлмайди.
Йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлаётганларнинг мингдан зиёди ёки 96,7 фоизи хавфсизлик камарини тақмаган ҳолда транспортдан фойдаланган.
Соҳа мутахассисларининг фикрича, агар орқада ўтирган йўловчилар хавфсизлик камарини таққан бўлганида олдинги ўриндиқларда ўтирган йўловчиларнинг кўпчилиги автоҳалокатда омон қолиши мумкин эди. Уларнинг сўзларига кўра, агар орқадаги йўловчилар камар тақмаган бўлса, ЙТҲ вақтида олдинги ўриндиқда ўтирган йўловчининг ҳалок бўлиш эҳтимоли беш баробар ортади.
Статистик маълумотларига кўра, ЙТҲ турлари бўйича сабаблар этиб пиёдаларни уриб юбориш, автомашиналар тўқнашуви ва бошқалар келтирилган.
Биргина Тошкент шаҳар ИИБ маълумотида айтилишича, жорий йилнинг ўтган етти ойида пойтахтда 675 йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган.
Оқибатда 71 киши ҳалок бўлган, 787 киши турли тан жароҳати олган. Бахтсиз ҳодисаларнинг энг кенг тарқалган сабаби тезликни ошириш бўлган. Бу 199 ҳолатда қайд этилган. Ҳайдовчилар томонидан 90 ҳолатда тақиқловчи светофор ишорасига эътибор бермаслик, маст ҳолатдаги ҳайдовчилар иштирокида саккизта ЙТҲ содир этилган.
Юқоридаги рақамлар йўл ҳаракати қатнашчиларининг кўпчилиги йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслигини яна бир бор тасдиқлайди. Натижада бахтсиз ҳодисалар сони ортиб бормоқда.
Аслида, ҳайдовчилар уйдан чиқишлари биланоқ йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишлари, жумладан, хавфсизлик камарларидан фойдаланишни одатий ҳолга айлантирши керак. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125 - моддасига кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Далиллар шуни кўрсатадики, кўпчилик ҳайдовчилар ҳанузгача хавфсизлик камарларидан мунтазам фойдаланмайди, йўл ҳаракатининг асосий қоидаларига амал қилмайди.
2022 йил 4 апрелда “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатда ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, ҳар қандай қоидабузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда йўл ҳаракати қоидалари асосларини болаликдан сингдиришни йўлга қўйиш, амалиётни мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида жорий этиш — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб йўналиши этиб белгиланган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида юқоридаги қарор ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида масъул вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларининг ахбороти эшитилганда, белгиланган вазифаларнинг 21 таси ижро қилинган, 6 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, йўл ҳаракати қоидалари аҳоли ўртасида ҳанузгача таъсирчан ва самарали тарғиб қилинмайди. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг бу борадаги маданиятини юксалтиришга қаратилган материаллар етарли даражада берилмаяпти.
Хулоса қилиб айтганда, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданиятини оширишда нафақат ички ишлар органлари ходимлари, балки таълим тизими, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари муҳим роль ўйнаши зарур.
Бундан ташқари, ҳуқуқий нигилизмга барҳам бериш, ҳуқуқий онгни юксалтириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тарғиботини кучайтириш бугунги кунда ҳар қачонгиданда долзарбдир.
Қутбиддин Бурҳонов,
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик
масалалари қўмитаси раиси.
ЎзА