Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бораётганининг сабаблари нимада?
15:27 / 2023-12-14

Ҳар биримиз йўл ҳаракатининг доимий иштирокчиларимиз: кимдир ҳайдовчи, кимдир пиёда сифатида йўл ҳаракатида бевосита иштирок этади. Йўл ҳаракати қоидаларига оғишмай амал қилиш эса хавфсизлигимиз, саломатлигимизга зиён етмаслигини таъминлайди.

Афсуски, йўл-транспорт ҳодисалари сони кунора кўпаймоқда, бу мудҳиш ҳалокатлар оқибатида қанчадан-қанча инсонлар соғлиғига путур етяпти ёхуд умрига зомин бўлмоқда.  

Яқинда пойтахтдан Самарқандга қараб йўл олдик. Манзилга етиб боргунимизга қадар бир эмас, бир нечта автоҳалокатлар содир бўлганига кўзимиз тушди. Ачинарлиси, бу каби ҳолатлар ҳар куни, ҳар соатда содир бўлиб, фуқароларнинг майиб-мажруҳ бўлишига ёхуд бевақт вафотига сабаб бўлмоқда.  

Бу борадаги статистик рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2019 йилда 8 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, уларда 2 минг 67 нафар инсон ҳалок бўлган, 7 минг 924 нафар инсон тан жароҳати олган. 2020 йилда 6 минг 982 та ЙТҲ оқибатида 1 минг 957 нафар инсон ҳалок бўлиб, 6 минг 598 нафар инсон тан жароҳати олган. 2021 йилда эса ЙТҲлар сони 10 мингдан ошган. Уларда 2,5 мингга яқин инсон ҳалок бўлиб, 9 минг 230 нафар инсон тан жароҳати олган. 2022 йилда содир этилган 9 минг 902 та ЙТҲда 2 минг 356 нафар инсон ҳалок бўлди ва 9 минг 606 нафар инсон тан жароҳати олган. 2023 йилнинг 10 ойи давомида эса 7 минг 616 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 1 минг 867 нафар инсон ҳалок бўлган ва 7 минг 62 нафар инсон тан жароҳати олган.  

Кўзимизга оддийгина бўлиб кўринаётган бу рақамлар ортида шунча инсоннинг тақдири, ҳаёти, соғлиғи, яқинларининг азоб-уқубати, қайғуси турибди. Қанча инсон бир умрга ногирон бўлиб, бир лаҳзалик бахтсиз ҳодисанинг асоратини ҳаётининг сўнгига қадар “тотиб” яшашга маҳкум. Энг ачинарлиси, қанча ҳаракат қилинмасин, бу каби ҳалокатлар кўпайса, кўпаймоқдаки, камаяётгани йўқ.  

Йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлиш сабабларини таҳлил қиладиган бўлсак, соҳа мутахассислари бир қатор омилларни айтишмоқда. Хусусан, айрим фуқароларнинг қонунчиликда белгиланган жавобгарликларни менсимаслиги, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги, ўқитмасдан ва ўргатмасдан ягона намунадаги гувоҳноманинг берилиши кабилар бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда.  

Бундан ташқари, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва маст ҳолдаги шахслар томонидан транспорт воситаларини бошқарилиши оқибатида ҳам кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари содир этилаётир. Шу ўринда рақамларга юзланадиган бўлсак, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар 2020 йилда 25 мингдан ортиқни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 40,5 мингдан ортиқ, 2022 йилда 47 минг 365 та, 2023 йилнинг 10 ойи мобайнида 32 мингга яқин ҳуқуқбузарлик аниқланган.  

Шунингдек, 2020 йилда 3 минг 581 нафар, 2021 йилда 5 минг 450 нафар, 2022 йилда 7 минг 481 нафар, 2023 йилнинг 10 ойи мобайнида эса 6 минг 786 нафар ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги маълум бўлган.  

Энг ачинарлиси, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оқибатида ҳар йили юздан ортиқ ЙТҲ содир этилиб, аянчли якун топгани, яъни ўлим билан боғлиқлари кўп. Масалан, 2020 йилда 56 таси, 2021 йилда 65 таси, 2022 йилда 55 таси, 2023 йилнинг 10 ойи давомида 95 таси ўлим билан боғлиқ ҳодисалардир.  

Йўл-транспорт ҳодисалари иштирокчилари орасида норасида болалар, мактаб ўқувчилари ва ёшларнинг борлиги ҳар қандай инсоннинг юрагига оғриқ беради, қалбини ларзага келтиради. Орзулари бир олам, қалби пок бўлган болаларнинг, серғайрат ёшларнинг кутилмаганда, бахтсиз ҳодисалар оқибатида ҳаётни тарк этиши нафақат уларнинг умрига зомин бўлиши, балки ота-онаси, яқинларини битмас-туганмас қайғуга, азобга солиши билан ҳам ачинарлидир.

Бу борада яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган болалар ва ёшлар ўртасида юз бераётган ўлим ҳолатларининг асосий сабаби таҳлилига бағишланган глобал ҳисоботда ҳам дунёда ҳар дақиқада икки киши йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳаётдан кўз юмаётгани, бу ҳолат 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар ўртасида содир бўлаётган ўлим кўрсаткичларининг асосий омили бўлиб қолаётгани қайд этилган.  

Таҳлилларга кўра, 2010-2021 йиллар давомида фақат 10 та давлат йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлим кўрсаткичларини 50 фоиздан кўпроқ қисқартиришга эришган. Улар сафида Беларусь, Дания, Япония, Литва, Норвегия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари етакчи. Шунингдек, яна 35 мамлакатда 30-50 фоиз пасайиш тенденцияси кузатилган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг энг кўп сони – 28 фоизи Жануби-Шарқий Осиё, энг ками – 5 фоизи Европа минтақасида қайд этилган.  

Бундан англаш мумкинки, йўл-транспорт ҳодисаларининг аянчли оқибатлари бутун дунё мамлакатларида долзарб бўлиб бормоқда. Унинг олдини олиш, бахтсиз ҳодисаларга йўл қўймаслик ҳар бир ҳайдовчи ва пиёдадан, демакки, ҳар биримиздан масъулиятни талаб қилади. Қонун устуворлигига, белгиланган талаб ва қоидаларга оғишмай амал қилиш, аввало, ўз ҳаётимизни, қолаверса, ён-атрофимиздаги каттаю кичик йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини асрашга замин бўлади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА