Шу йилнинг 9 июлида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида барча даражадаги раҳбарларга муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Наманган шаҳрида мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси таклифига асосан шаҳар ҳокимлиги томонидан энг гавжум масканлардан бир Алишер Навоий кўчасига туташ Усмон Носир кўчасини очиш бўйича саъй-ҳаракатларга киришилди.


Эндиликда, атоқли шоир ва маърифатпарвар жадид номи билан аталадиган кўча автомашиналар қатнови учун очилди ҳамда бир тарафлама ҳаракат тартиби жорий этилди. Қувонарлиси шундаки, ушбу амалий ташаббус ижроси натижасида, асосий кўчадаги ҳаракат тартибга солинади, тирбандликларнинг олди олинади.


Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ушбу ҳудудда ҳаракатланаётган ҳайдовчиларга янги тартибга қатъий амал қилишни, йўл белгиларига эътиборли бўлишни сўраб, мурожаат билан чиқди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.