Бугунги кунда юртимизда қай бир соҳада ислоҳотлар амалга оширилмасин, барчаси “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган. Албатта, энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, қадр-қимматидир. Зеро, ҳар бир инсон ҳаётидан, ҳар бир кунидан рози, мамнун бўлиб яшаши керак.
Халқимизда, “Йўл қурган савоб”, деган нақл бор. Аксарият юртдошларимиз, ҳайдовчилар Навоий вилояти ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлларининг текис ва равонлигини эътироф этади.
Бугунги кунда вилоятда жами автомобиль йўллари узунлиги 9474 километр бўлиб, унинг 4017 километри умумий фойдаланишдаги йўллар ва 5457 килолметри ички йўллар ҳисобланади.
Жорий йилда турли дастурлар доирасида 1156 километр узунликдаги автомобиль йўлларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
– “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 22 та маҳалла ва қишлоқдаги 189,7 км ички хўжалик йўлларида, жумладан, 41,7 км асфальт, 32 км цементбетон, 116 км шағаллаштириш ишлари бажарилди, – дейди вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Эркин Камолов. – Шунингдек, “Табиий офат оқибатларини бартараф этиш дастури”га асосан 6 та объектда қурилиш-монтаж ишлари бажарилди ва бунинг натижасида 3 та кўприкда ва 21 км узунликдаги автомобиль йўлларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш дастури” доирасида эса 178 км узунликдаги йўлларда жорий таъмирлаш ишлари бажарилиб, 1018 кмдан ортиқ йўл ётиқ чизиқлари чизилди ва 3350 дона янги йўл белгилари ўрнатилди.
Йўл тартибни ёқтиради, дейишади. Маълумотларга кўра, автотранспорт воситалари томонидан йўл транспорт ҳодисаларининг содир этилиши таҳлил этилганида, аксарияти йўлларнинг нотекислиги, ҳайдовчиларнинг тезликни ошириб, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликлари сабаб қилиб кўрсатилган.
Юртимизда автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш ва йўл ҳаракати иштирокчилари учун қулай шароитлар яратиш борасида мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг 12 июлида Президент қарори билан “2022-2026 йиллар давомида республика ҳудудида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури қабул қилинди.
– Бугунги кунда вилоятда 2503 дона эскириб, кўринишини йўқотган йўл белгилари янги юқори нур қайтарувчи йўл белгиларига алмаштирилиб, 2075 дона янги йўл белгиси ўрнатилди, – дейди вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Умид Адизов. – Ўқувчиларнинг мактабга қатновида хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 143 та умумтаълим мактаби жойлашган ҳудуд кўчаларига ҳаракат тезлигини 30 км/соатга чекловчи йўл белгилари ўрнатилди. 10 та нуқтада эса пиёдалар томонидан бошқариладиган ярим автомат светофорлар ўрнатилиб, 0,4 км2 масофага йўл ётиқ чизиқлари чизилди. 33,4 км масофа сунъий ёритилиб, 12,5 км масофага темир тўсиқлар ўрнатилди. Бунда вилосипедда ҳаракатланувчи шахслар манфаати ҳам четда қолмади. Улар учун 12,5 км масофага велосипед йўлаклари қурилди.
Албатта, йўлларда ҳаракатланаётганда, аввало, йўл ҳаракати қоидаларини билиш ва унга амал қилиш лозим. Бугунги кунда эса фарзандларимизга боғча ва мактаб давриданоқ йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳозирда 40 та мактабда ва 25 та мактабгача таълим ташкилотида “ҳаракат хавфсизлиги синф хоналари” ва 40 та маҳаллада “йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари” ташкил этилган.
Бу каби олиб борилаётган ишларнинг барчаси йўлларда пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг хавфсиз ва бехавотир ҳаракатланишлари учун амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Абдували Бўриев, ЎзА