Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб пресс тур иштирокчилари Кармана туманида жойлашган марказий автошоҳбекат ҳудудидаги пиёдалар учун мўлжалланган ер ости йўли билан таништирилди. Бу ерда ер ости йўли бўла туриб, пиёдалар бундан хабардор эмас. Билсалар-да, аксарият пиёдалар йўлнинг белгиланмаган қисмларидан ҳали-ҳануз ҳаракатланмоқда. Бу эса йўл транспорт ҳодисаларининг содир этилишига сабаб бўлмоқда.
Жараёнда журналистларга 4 Р 57, А 379 ҳамда М 37 автомобиль йўлларида йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва ҳаракат иштирокчилари учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот бериб борилди.
– Бугунги кунда йўллар кенгайтирилиб, барча зарурий йўл белгилари ўрнатилмоқда, – дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари Темур Рамазонов. – 4 Р 57 йўлининг 0-8 км оралиғида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Йўлнинг чап томонига эътибор берсангиз, шу ерда икки ярим метр кенгликда йўлак қолдирилган бўлиб, велосипед ва пиёдалар ҳаракати учун ажратилган. Бу йўлда транспорт ҳаракати кўплиги боис, велосипедлар учун ҳам алоҳида йўлак қурилмоқда. Ҳозирда вилоят бўйича 26,7 километр узунликдаги велосипед йўлаги қуриб битказилган.
4 Р 57 автомобиль йўлининг узунлиги 448 километр бўлиб, Навбаҳор-Нурота йўналишида зарурий йўл белгилари, светофор қурилмалари, макет ва баннерлар, ёритиш чироқлари ўрнатилиб, ҳайдовчиларни ҳушёрликка чорловчи кузатув блок постлари ташкил этилган.
– Навбаҳор-Нурота йўналиши бўйича кўп юраман. Қорақарға йўлидан Нурота томонга ўтган қисмида алоҳида кузатув пости ташкил қилинган, – дейди “НКМК” АЖ 3-автокорхонаси ҳайдовчиси Рустам Ҳакимов. – Бу ерда ҳайдовчилар тўхтатилиб, турли даражадаги автоҳалокатларнинг олдини олиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилади. Ҳавонинг иссиқ кунида уйқу келиши мумкин. Бу ерда чарчоқ сезганимизда тўхтаб, дам олиб кетамиз. Турли фильмлар кўрсатишади. Буклетлар тарқатиб, йўл патруль хизмати ходимлари йўлда ҳушёрликни ошириш борасида огоҳлантиришади. Бу ҳайдовчи учун ҳам, йўловчилар учун ҳам керакли нарса. Ҳар биримиз йўлга чиққанимиздан кейин уйимизга, оиламиз бағрига соғ-саломат боришимиз керак.
[gallery-18422]
Пресс тур якунида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вилоят ҳудудида содир бўлган йўл транспорт ҳодисалари таҳлили ва турлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZbsJ4Dv8Y58" title="Yoʻl tartib-qoidani yoqtiradi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Таъкидланганидек, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида вилоят ҳудудида 94 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, уларда 38 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 112 нафари эса турли даражада тан жароҳати олган. Йўл транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари таҳлил этилганда, уларнинг аксарияти белгиланган тезликка риоя қилмаслик, светофор ёки йўл белгилари талабларига бўйсунмаслик, йўловчиларга йўл бермаслик, ухлаб қолиш ёхуд чарчоқ натижасида содир этилган.
Матбуот анжуманида тизим мутасаддилари журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари