2021 йилда республика бюджети маблағлари ҳисобидан йўл хўжалиги соҳасини ривожлантириш учун 10,1 триллион сўм йўналтирилган.
Бу маблағ автомобиль йўллари соҳасидаги лойиҳаларни қуриш-таъмирлаш, эксплуатация қилиш ва йўл хўжалигидаги ташкилотларни сақлаш мақсадида ажратилган.
Ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармаларининг 2021 йил якунлари бўйича умумий тушумлари 4 276,8 миллиард сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 4 049,0 миллиард сўм маблағ сарфланган.
2022 йилда шу мақсадда яна 7,8 триллион сўм ажратилиши назарда тутилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ажратилган маблағлар йиллик режага нисбатан 41 фоиз ўзлаштирилган.
Ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармаларининг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги умумий тушумлари 1 триллион 846,9 миллиард сўмни ва харажатлари эса 820,9 миллиард сўмни ташкил этган.
Ажратилган маблағлар ҳисобига ҳисобот даврида 3 317,6 км дан ортиқ умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва 17 382 км дан ортиқ ички йўлларда қуриш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Бу рақамлар Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси раҳбарининг 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармалари томонидан соҳани ривожлантириш учун ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти муҳокамаси жараёнида маблағларнинг мақсадли сарфланишига эътибор қаратилди.
Чунки Молия вазирлиги, Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлилига кўра, йўл хўжалиги соҳасига ажратилган маблағларни сарфлашда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган.
Жумладан, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясининг 2021-2022 йилларда йўл хўжалиги лойиҳаларига кўра амалга оширилган қуриш-таъмирлаш ишларини ўрганиш кўрсатганидек, 45 ҳолатда 34 миллиард 575,2 миллион сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланган.
Шундан 2022 йил иккинчи чорак якуни бўйича жами 23 177,4 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қонунга зид равишда сарфланган.
Бундан ташқари, Бош прокуратурадан олинган маълумотларга кўра, 2021 йил ва жорий йилнинг биринчи ярмида прокуратура органлари ҳудудий жамғармаларда жами 20 та текшириш ўтказиб, назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 6 та тақдимнома киритган.
12 нафар мансабдор шахсга огоҳлантириш эълон қилинган, 11 нафар шахс интизомий ва 21 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 12 жиноят ишлари қўзғатилган.
Мисол учун, Наманган вилояти Поп туманидаги 4Р-125 “Ғурумсарой – Хонобод – Чодак – Гулистон” автомобиль йўлининг 10–37 км қисмида лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмлик капитал таъмирлаш ишларини бажаришда “Наманган кўприклардан фойдаланиш” УК мансабдор шахслари томонидан ҳақиқатда бажарилмаган 2,5 миллиард сўмлик иш ҳажмини ҳисоботларга қўшиб ёзиш орқали жамғарма маблағлари талон-торож қилинган.
Шу билан бирга, йўл ишлари дастурлари тасдиқлангандан сўнг йил давомида уларга қўшимча объектларнинг киритилиши ҳисобига йилдан-йилга ўтувчи объектларнинг сони ва қиймати ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Ушбу объектларнинг йиллар давомида фойдаланишга топширилмаслиги ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Жумладан, объектларнинг дастлабки қийматига нисбатан бир неча бор қимматлашишига, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати пасайишига, бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланишга ва харажатларнинг кескин ошишига олиб келмоқда.
Йилдан-йилга ўтувчи объектларнинг қуриш жараёни давом этаётгани, бунинг ҳисобига лойиҳа-смета ҳужжатларидаги қурилиш материалларининг нархлари бир неча бор қимматлашаётгани учун буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар ўртасида тузилган шартномаларнинг бекор қилиниши ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.
Оқибатда, объектнинг қолдиқ иш ҳажмлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари қайта ишлаб чиқилганда, объектнинг қиймати дастлабки қийматга нисбатан бир неча бор ортиб кетмоқда.
Бундан ташқари, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш тизимини мажбурий тартибда жорий этиш белгиланган бўлса-да, қурилиш соҳасида ҳисобварақ-фактураларнинг тузилиши жиҳатидан фарқ қилганлиги учун қурилиш соҳасида бажарилган ишлар қоғоз шаклида қабул қилинмоқда. Шунингдек, қурилиш соҳасига мос бўлмаган электрон ҳисобварақлар ҳам тўлдирилмоқда.
Бу, биринчи навбатда, қурилиш соҳасида қўшиб ёзишга, дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг ноўрин ошиб кетишига, иш турлари бўйича бажарилган ишлар ҳажми бўйича ойма-ой ҳисоботлар шаклланмаслигига ва ноаниқликларга олиб келмоқда.
Муҳокама якунида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилиб, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА