Халқимизда “Йўл қуриш – савоб” деган гап бор. Кичик бир йўл ёки кўприк бунёд этилиши туфайли қанчадан-қанча одамлар мушкули осонлашиб, манзили яқинлашади.
Фарғона вилоятида йўл қурилиши соҳасида самарали фаолият олиб бораётган корхоналар сафи тобора кенгаймоқда. “Industry and buildbing goods” масъулияти чекланган жамияти бу борада яхши тажрибага эга.

Ўтган даврда Қува, Фарғона тумани, Қувасой шаҳар йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари билан расмийлаштирилган пудрат шартномалари асосида Фарғона шаҳрида 18,96 километр, Қува туманида 28,4 километр ички автомобиль йўлларини асфальтлаштириш ҳамда шағаллаштириш ишларини сифатли бажарди.
Шунингдек, Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 4Р-138 “Шаҳрихон ш-Асака ш-Марҳамат ш-Қизилқия қ” автомобиль йўлининг 26-29 километр қисми, Асака тумани ҳудудидаги 4,99 километр ички автомобиль йўллари тўлиқ таъмирланди.
– Ҳозирга қадар жамиятимиз томонидан 60 километрга яқин йўллар таъмирланиб, 24 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди, – дейди “Industry and buildbing goods” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жаҳонгир Эргашов. – Юртимизда йўл қурилиши соҳасига яратилган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда АТБ "Madad Invest Bank"нинг Қувасой филиали томонидан молиялаштирилган лойиҳа асосида 6 миллиард сўм кредит эвазига жамиятимизга йўл қурилишида ишловчи 13 та махсус техника ва транспортлар сотиб олинди.

Бу эса сифатли йўл қурилиши ва янги иш ўринларини яратилишига хизмат қилмоқда. Жамиятнинг мутахассислари йўл қурилиши соҳасидаги илғор тажрибаларни қунт билан ўрганмоқда. Жорий йилда халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлларини таъмирлаш ишларида қатнашиш мақсад қилинган. Ҳозирда бу борада тегишли шартномалар тузилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА