Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” халқаро автомобиль йўлининг қурилиш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 июлдаги 462-сонли қарорига асосан, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида А- 380 “Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу” автомобиль йўлининг Бухоро вилояти ҳудудидан ўтган 150 – 228 километр (78 километр) қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида қайта қуриш ишлари бўйича халқаро тендер савдолари ўтказилди. Унда қатнашган Хитой Халқ Республикасининг “CRBC ва СССС Third Highway Engineering Co. Ltd” қўшма корхонаси объектнинг цемент-бетон қопламасини қуриш ишларига бош пудратчи этиб тайинланган. Объектнинг тупроқ кўтармаси ва асосларини қуриш ишларида маҳаллий пудратчилар қатнашиши кўзда тутилган.


Лойиҳанинг умумий қиймати 207,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Лойиҳа 2025 йил якунига қадар тўлиқ якунланади.
Мулоқотда вилоят ҳокими лойиҳани амалга ошириш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда бартараф этишда ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди. Бу борада тегишли мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Зариф Комилов,
ЎзА