Авваллари бир умр автомашина орзуманди бўлиб ўтганларни биламиз. Бугун эса қарийб ҳар бир оилада автомашина бор. Демак, замон ўзгарди, ҳаётимиз яхшиланди. Бироқ, шахсий автомашинаси орқасидан одамларга, жамиятга зарар етказувчилар ҳам бор.
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари орқали тарқалаётган хабарларда айрим шахслар тўқликка шўхлик қилиб, йўлларда сурбетларча безорилик хатти-ҳаракатларини содир этаётганлигини кўраяпмиз.
Кўпчилигимиз нуронийлар, отахону онахонлар давраларида “катта-кичик автомобиль йўлларида айрим шахсларнинг автомашинани жуда катта тезликда бошқараётгани, бошқа йўловчиларнинг ҳаётига хавф солиб илон изи шаклида қувиб ўтишлари, кераксиз жойларда ҳам ноўрин узлуксиз сигнал бериб, бошқаларнинг асабига тегишлари, айниқса, машина деразасидан ҳақоратлашлари, ҳатто кўзига ёмон кўринган кишининг автомашинасини қисиб тўхтатиб уриб-дўппаслашлари” ҳақидаги суҳбатларига гувоҳ бўламиз. Айримлари ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали эшитиб, афсусланамиз.

Майли, замон ўзгарсин, халқимиз бойиб, тараққиётимиз бардавом бўлаверсин. Аммо, тўқликка шўхлик ҳам эви билан бўлсин. Амир Темур бобомизнинг “Қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда адолат бўлади” деган фикрларини унутмайлик.
Ахир йўл муқаддас, у билан ўйин қилиб бўлмайди. Кимки йўлга нисбатан беҳурматлик кўрсатса, эрта ё кеч жавобини олади. Ҳадислардан бирида “Кўчадан азият берадиган нарсаларни олиб ташлашлик ҳам иймоннинг бир шохчасидир”, деб бежизга айтилмаган.
Хуллас, йўл безорилиги жамиятимизда тез-тез учрамоқда ва бунинг оқибати одамларга ва албатта жамиятга зарар етказмоқда. Йўл безорилиги учун жазо назарда тутилмаганлиги боис, бундай жиноятларга қарши курашиш тегишли давлат органлари учун қийинчиликлар туғдираётганлиги ҳам сир эмас. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасида транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш учун жазо белгиланган. Ва яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу жиноят, жиноят қонунчилигида эҳтиётсизлик оқибатида (ўз-ўзига ишониш ва жиноий бепарволик аломатлари билан) содир этиладиган жиноятлар туркумига киритилган.
Йўл безорилари эса, транспорт воситасидан фойдаланган ҳолда жамият учун хавф туғдирадиган хатти-ҳаракатларни қасддан содир этади. Шу сабабли ҳам бундай жиноятлар жазосиз қолиб кетишига ва бу турдаги жиноятларнинг қулоч ёйишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, кенг жамоатчиликнинг фикрига таянган ҳолда бу каби ижтимоий хавфли қилмишлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш зарур.
Юқоридагиларга асосан, ўз ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, юксак маънавият ва ахлоқ асосида ривожланаётган жамият қураётганимизни назарда тутиб, йўлларда ва транспорт воситаларида ахлоқий инқирознинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига қуйидаги мазмунда янги модда киритишни таклиф этаман.
2661-модда. Йўл безорилиги
Йўл безорилиги, яъни барча турдаги йўлларда транспорт воситаларини бошқариш қоидаларини қасддан менсимаслик, жумладан, транспорт воситасини белгиланган тезликдан икки баравар ортиқ тезликда бошқариш, илон изи ҳолатида бошқариш, транспорт воситаси овозини ўзгартириш ёки медиақурилма овозини белгиланган меъёрдан икки баравар қўтариш, узлуксиз ёки тунги вақтларда ноўрин сигнал бериш, енгил машинанинг устки қисмидан танасининг бир қисмини чиқариш, бошқа транспорт воситаларини қисиш ёки қасддан йўл бермаслик, шунингдек, транспорт бошқарувчиси ёки йўловчини қасддан уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига қасддан шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса,
– базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Йўл безорилиги:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан;
б) баданга қасддан ўртача оғир шикаст етказиб:
в) совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб;
г) ўз мазмунига кўра умумэътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан;
д) ёш бола, қария, ногиронлиги бўлган шахс ёки ожиз аҳволдаги шахсларни хўрлаб;
е) кўп миқдорда зарар етказиб, бировнинг мулкини нобуд қилиб ёки унга шикаст етказиб содир этилган бўлса,
– уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Йўл безорилиги:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) ўқотар қуролни намойиш қилиб, уни қўллаш билан қўрқитиб ёки қўллаб;
в) оммавий тадбирлар, тўй ва бошқа маросимлар ўтказилаётган вақтда;
г) йўл ҳаракатини тартибга солиш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд йўл безорилиги ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса,
– уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Зеро, умуминсоний ахлоқ меъёрларига зид хатти-ҳаракатлар ижтимоий хавфли бўлиб, уларни жазосиз қолдирмаслик халқ фаровонлигининг муҳим шартидир.
Абдукамол РАҲМОНОВ
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси.
ЎзА