Бугунги кунда йўл инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат йўлларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, балки маҳаллалар ва туманлар ўртасидаги транспорт алоқасини яхшилаш, иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Навоий вилоятида йўлларни реконструкция қилиш ва янгидан қуриш ишлари маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, саноат ва агросаноат комплекслари билан узвий боғланишни таъминлашга ҳам хизмат қиляпти.

Амалга оширилаётган ишлар давлат дастурлари ва инвестиция лойиҳалари билан мувофиқлаштирилган бўлиб, 2026 йилда ҳам кенг кўламда давом эттирилиши режалаштирилган.

– Инвестиция дастури доирасида Хатирчи тумани ҳудудидан ўтган D075 “Оқтош – Янгиобод – Лангар – Чуя” автомобиль йўлининг 11-16 километр орасидаги 2 км қисми тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилади, – дейди вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бош муҳандиси Улуғбек Раҳматов. – Шунингдек, жорий йилда Кармана тумани ҳудудидан ўтган D190 йўлида “Тошкент – Бухоро” темир йўли устидан янги йўл ўтказгич қуриш ишлари амалга оширилади.

Зарафшон шаҳрида А379 “Навоий – Учқудуқ” йўналишининг 198-километридан шаҳарга кирувчи 3,1 км автомобиль йўли ҳамда “Янги Ўзбекистон” массивидаги кичик туманларда янги йўллар барпо этилади. Шу билан бирга, Кармана туманидаги “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида махсус саноат паркига олиб борувчи 2 км йўл қурилишининг биринчи босқичи амалга оширилади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш дастури доирасида Қизилтепа туманида D197 ва 4R183 йўлларининг 16 километр қисмида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Нурота туманида эса D074 автомобиль йўлининг 120 километрида янгилаш ишлари амалга оширилиб, шохобча йўллар ва кўприклар ҳам тикланади.

Хатирчи туманининг Зарафшон қишлоғида узунлиги 127 метр бўлган кўприк реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилади. Навоий шаҳри бош режасига мувофиқ 4К364 ва 4R64 йўллари, шунингдек, маҳаллаларни боғловчи 3,5 километрлик янги автомобиль йўли барпо этилади.
2025 йилга мўлжалланган лойиҳалар доирасида Зарафшон шаҳридаги “Истиқлол” МФЙ ҳудудида 10 гектар майдонда ташкил этилган кичик ва ёшлар саноат зонасида 3,5 километр йўлга асфальт ётқизилади. Шунингдек, Қизилтепа туманидаги “Ифтихор” МФЙ ҳудудида 30 гектар майдонда “Чорвачилик микромаркази”ни ташкил этиш учун 2 километрлик йўл барпо этилади.
Навоий шаҳар марказидаги 25 км ички хўжалик йўллари ҳам таъмирланиб, аҳоли учун қулай ҳаракатланиш шароити яратилади. Бундан ташқари, “Ташаббусли бюджет” ва маҳаллий бюджетнинг қолдиқ маблағлари ҳисобидан тупроқ йўлларни шағаллаштириш ишлари ҳам амалга оширилади.
Йўл инфратузилмасини модернизация қилиш орқали хавфсизлик стандартлари кучайтирилмоқда. Янги йўллар ва кўприклар транспорт оқимини тезлаштириб, йўл-транспорт ҳодисаларининг камайишига хизмат қилади. Бу ишлар нафақат транспорт инфратузилмасини яхшилаш, балки минтақанинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири