Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўл инфратузилмаси такомиллашмоқда
19:35 / 2026-02-04

Иқтисодий тараққиёт, аҳоли фаровонлиги ва ҳудудлар ўртасидаги барқарор алоқалар аввало йўл инфратузилмасининг ҳолатига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Оқолтин туманида 2025 йил давомида амалга оширилган йўл хўжалиги ишлари нафақат техник вазифалар ижроси, балки иқтисодий ва ижтимоий ҳаётни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим қадамлар сифатида аҳамият касб этмоқда.

Оқолтин туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси томонидан йўл инфратузилмасини ривожлантириш, мавжуд автомобиль йўлларини сақлаш ва таъмирлаш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

–  Ҳозирда корхона тасарруфида жами 118 километр умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, уларнинг 41 километри  халқаро, 46 километри давлат ва 31 километри маҳаллий аҳамиятдаги йўллардан ташкил топган. Йўл қопламалари турига кўра: 91,5 километр асфалтбетон, 5,5 километр сементбетон ва 19 километр қора қопламали йўллар ҳисобланади. Техник тоифалар кесимида эса 41 километрлик I-тоифали, 1 километрлик II-тоифали, 49 километрлик III-тоифали, 4 километрлик IV-тоифали ва 23 километрлик V-тоифали йўллар мавжуд, – дейди туман йўллардан фойдаланиш корхонаси раҳбари Рамазон Худойқулов.

Корхонада 86 нафар ишчи-ходим фаолият юритиб, йўлларни доимий сақлаш, жорий ва капитал таъмирлаш ҳамда қишки қаров ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширмоқда. Шунингдек, 44 та кўприкка хизмат кўрсатилиб, уларнинг умумий узунлиги 877,3 погон метрни ташкил этади.

2025 йилда йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун молиявий жиҳатдан ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Йўлларни сақлашга 5 миллиард 775 миллион сўм, таъмирлаш ишларига 3 миллиард 455 миллион сўм ва қишки қаров ишларига 875 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, Президентнинг 2025 йил 6 мартдаги қарори асосида ички йўлларни таъмирлаш учун 5 миллиард 416 миллион сўм, табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш учун эса 21 миллиард 209 миллион сўм сарфланди.

Амалга оширилган ишлар натижасида Д-041 автомобиль йўлининг 5 километри ва 20В-025 йўлининг 6 километри тўлиқ таъмирланди. М-39 халқаро йўлининг 0,5 километри таъмирланиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2 та электрон табло ва 16 та ёритиш чироғи ўрнатилди.

– Пиёдалар хавфсизлигига ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз, – дейди Рамазон Худойқулов. – А-373а йўлида 1 километр масофада темир панжара ва 4 та ёритиш чироғи ўрнатилди. Шу йўналишда 124+500 ва 128+950 километрида кўприкларни айланиб ўтиш йўллари қурилди ҳамда 1 километр автомобиль йўли таъмирланди. Д-047 автомобиль йўлида эса 1 та светофор ўрнатилиб, 1,5 километри йўл тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

Бундан ташқари, корхонанинг маъмурий бошқарув биноси ҳамда йўл бўлимлари биноларида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ички хўжалик йўлларининг 11 километри тўлиқ таъмирланиб, қишлоқлар ва ишлаб чиқариш объектлари ўртасидаги транспорт алоқалари янада самарали бўлди.

Маҳалла фаоллари ҳам амалга оширилган ислоҳотлар аҳамиятини эътироф этмоқда.

– Муҳтарам Президентимизнинг халқнинг фаровонлиги ва ижтимоий ҳолатини яхшилаш мақсадида олиб бораётган изчил саъй-ҳаракатлари натижасида, бизни кўпдан буён қийнаб келаётган муаммолардан бири — Оқолтин туманининг бир қатор маҳаллаларни қўшни Сардоба тумани, Жиззах вилояти ва Зомин тумани билан боғлайдиган 8 километрлик йўл очилди. Бундан нафақат мен, балки аҳолимиз ҳам хурсанд, халқнинг муаммоси ҳал бўлди. Энди бориб келиш осонлашди, қишда қировли кунларда лой ва балчиққа ботмайдиган бўлдик. Бунинг бари ислоҳотлар натижасидир, – дейди маҳалла фаоли Абдуғаффор Хўжақулов.

– Бир сўз билан айтганда, йўл хўжалиги фақат асфальт ётқизишдан иборат эмас, балки хавфсиз ҳаракат, иқтисодий фаоллик, аҳоли турмуш сифати ва ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминлайди.  

Оқолтин туманида йўл инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган изчил ишлар иқтисодиёт “қон томири”нинг барқарор ишлашини таъминлайди, – дея хулоса қилади Рамазон Худойқулов.

Ғулом Примов (видео), ЎзА мухбири