Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўл инфратузилмаси: соҳа таҳлилий-танқидий кўриб чиқилди
17:09 / 2023-01-12

Муҳандислик–коммуникация тармоқлари орасида йўл инфратузилмаси муҳим аҳамият касб этади. Шу боис хавфсиз ва равон йўлларни қуриш, таъмирлаш, сақлаш мақсадларига давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ йўналтирилмоқда.

Зеро, йўлсозлик — улуғ, шу билан бирга, машаққатли касб. Халқимизнинг “Йўл қуриш — савоб” деган пурмаъно нақли замирида ҳам ана шу ҳаёт ҳақиқати мужассам. Негаки, кичик бир йўл ёки кўприк бунёд этилиши туфайли қанчадан-қанча одамлар мушкули осонлашиб, манзили яқинлашади.  

Бухорода йўл инфратузилмасини яхшилаш, 2022 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокамасига бағишланган таҳлилий-танқидий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқ тартибот идоралари масъуллари, Бухоро вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси, “Бухоро Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат, Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш, туман йўллардан фойдаланиш, Бухоро кўприклардан фойдаланиш, “Бухоро йўл кўкалам” унитар корхоналари, йўлларни лойиҳалаштириш корхоналари ҳамда мазкур соҳага тааллуқли тадбиркорлар қатнашди.        

Таъкидланишича, Бухоро вилояти ҳудудида жами 15 минг 500 километр автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан 11 минг 488 километр ички йўллар ва 4 минг 12 километр умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларидир. Умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларининг 486 километри ҳалқаро, 1 минг 120 километри давлат ва 2 минг 406 километри маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини ташкил этади.  

Вилоят ҳудудидаги умумфойдаланув автомобиль йўлларига 11 та туман йўллардан фойдаланиш, Бухоро кўприклардан фойдаланиш, Бухоро ва Ромитан йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхоналари томонидан хизмат кўрсатилади.  

Ўтган 2022 йилда вилоят йўл соҳасида муҳим йиллардан бўлди. Республикамиз Президенти ва Ҳукумат қарорлари асосида тасдиқланган манзилли дастурлар доирасида вилоятда 11 километр умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари тўла таъмирланди. 370 километр автомобиль йўллари жорий таъмирланди. Дастурлар доирасида вилояда жами 1194 километр автомобиль йўллари таъмирланган бўлса, шулардан 110 километр автомобиль йўлларида цементбетон қоплама қурилди. 219 километр автомобиль йўлларида асфальтлаштириш ишлари амалга оширилди. 370 километр автомобиль йўлларининг мавжуд асфальт қопламасидаги камчиликлар таъмирланиб, йўлнинг равонлиги оширилди. 500 километрга яқин тупроқ йўллар шағаллаштирилди. 8 та кўприклар таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг йўл соҳасини ривожлантиришга ва автомобиль йўлларининг ҳолатини яхшилашга қаратилган  бир қанча муҳим Фармон ва қарорлари қабул қилинди. Айниқса охирги 5-6 йилда шаҳар ва туман марказларидан четда жойлашган қишлоқлар ва овуллар йўлларини тамирлашга катта эътибор қаратилди.  

[gallery-10250]

Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “2022 - 2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастурлар доирасида Бухоро ва Когон шаҳарлари ҳамда вилоят туманларининг 160 та маҳалласидаги жами узунлиги 239 километр бўлган 228 та йўллар таъмирланди. Ушбу йўлларнинг 69 километри шағаллаштирилган бўлса 103 километр йўлларга асфальт қоплама ётқизилди. 67 километр йўлларга цементбетон қоплама қурилди. Мазкур дастурлар доирасида 120,1 миллиард сўмлик йўл ишлари амалга оширилди.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил  24 октябрдаги 614-сонли қарори асосида 429 километр ички йўллар шағаллаштирилди. 60 километр ички йўлларга асфальт қоплама ётқизилди. Вилоят ҳудудидаги умумфойдаланув автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўлларда аварияларнинг олдини олиш мақсадида 2022 йилнинг ўтган даврида 1305 та янги замонавий йўл белгилари ўрнатилди. 1255 та эскирган йўл белгилари янгиларига алмаштирилди. Шунингдек, 1630 километр автомобиль йўлларига замонавий нур қайтарувчи йўл чизиқлари чизилди. Йўлларга 10 та замонавий свето-диодли светофор қурилмалари ўрнатилди.  

Вилоятнинг барча  туманларида тупроқли ички йўлларни ҳашар йўли билан шағаллаштириш дастурлари доирасида 2022 йилнинг ўтган даврида жами узунлиги 800 километр бўлган ички йўллар шағаллаштирилди.  

Президентимизнинг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан вилоят ҳудудидаги 114 километр умумфойдаланув автомобиль йўллари ҳамда 1200 километр ички йўлларни таъмирлаш режалаштирилган. Дастур доирасида жами 772 миллиард сўмлик йўл ишлари амалга оширилади. Бугунги кунда мазкур қарор асосида объектларнинг манзилли дастури тасдиқланган. Объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Пудратчи корхоналарни шаффоф онлайн тендер орқали танлаш бўйича эълон берилиб, пудратчи корхоналар танланган.  

Мазкур дастур асосида жуда катта ҳажмдаги йўл ишлари бажарилиши кўзда тутилмоқда. Таҳлилларга кўра, биргина шу дастур асосида вилоятда бажариладиган асфальтлаштириш ишлари ҳажми бундан олдинги йилларда ҳатто 10 йиллар давомида амалга  оширилган иш ҳажмидан кўпроқ.  

Вилоятда жами 69,7 миллиард сўмлик йўл ишларини бажариш кўзда тутилган. Амалга ошираладиган йўл ишлари натижасида вилоятда таъмирталаб бўлиб турган 4464 километр ички йўлларнинг 30 фоизи, умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларимизнинг 10 фоизи таъмирланади.  

Таҳлилий-танқидий ўтказилган йиғилишда хизмат кўрсатувчи корхоналар таҳлил этилди. Давлат мулкини талон тарож қилиниши, тегишли формаларга гўёки бажарилган деб қўшиб ёзишлар, Давлат харидлари соҳасидаги ҳамда тендерда йўл қўйилаётган камчиликлар танқид қилинди. Соҳада йўл қўйилаётган коррупцион ҳолатлар мутасаддилар томонидан қайд этилди. Корхоналарнинг мавжуд иқтисодий аҳволи, ишчи кучи, техникаси, шарт-шароитларининг ачинарли аҳволи борасидаги камчиликлари алоҳида айтиб ўтилди.  

Мисол учун, Бухоро, Жондор, Олот, Пешку, Вобкент, Қоровулбозор, Шофиркон, Когон туманлари йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари  

томонидан 2019-2022 йиллар давомида ўтказилган текшириш натижасига кўра, қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, айбдор шахслар доираси бўйича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов якуни бўйича ишлар тегишли судларга юборилган. Биргина, прокуратура томонидан 2021 йилда тергов қилинган жиноят ишлари бўйича объектларда бажарилмаган ишларни тегишли формаларга гўёки бажарилган деб кўрсатилиши натижасида аниқланган зарар 3 миллиард 724 миллион сўмни  ташкил қилган. Мазкур ҳолатда жиноят иши қўзғатилиши таъминланиб, жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланган.    

Шунингдек, 2023 йилда йўл хўжалиги соҳасида жуда катта ташкилий – структуравий ислоҳотларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилганлиги билдирилди. Бу борада йўл корхоналарининг моддий – техник таъминотини яхшилаш мақсадида уларни замонавий йўл техникалари ва жиҳозлари билан таъминлаш режалаштирилганлиги таъкидланди.  

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат, видео), ЎзА