Жиззах шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигига оид тарғибот ишлари янада кучайтирилиб, йўл қоидаларини бузиш оқибатларини акс этирувчи махсус автокарвон ташкил этилди.
Ушбу тадбир Жиззах шаҳар ИИБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан ташкил қилинган бўлиб, барча ҳаракат иштирокчиларини йўлдаги хавфсизликка диққат қилиб, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишга чақиришни мақсад қилган.

– Кейинги йилларда аҳоли орасида скутер, мопед, электросамокатлардан улов сифатида фойдаланиш борган сари кўпайиб бормоқда, – дейди Жиззах шаҳар ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи, подполковник Бекзод Абдуллаев. – Айрим ҳолларда ушбу транспорт воситаларини йўл қоидаларини мутлақо ўрганмаган – ёш болалар ёки аёллар бошқариши натижасида йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаётгани аччиқ ҳақиқат.

Шу боис ходимларимиз аҳоли орасида учрашувлар ўтказиб, скутер, мопед, электросамокатлар ҳам транспорт воситаси ҳисобланиши, уларда ҳаракатланганда, албатта, бошқа транспорт воситалари сингари, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш шартлиги тушунтирилмоқда. Акс ҳолда кўнгилсиз ҳолатлар юз бериши мумкинлиги таъкидланаяпти.
Автокарвон вилоятда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни тарғиб қилиш, эҳтиёткорликка чақириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган самарали тадбирлардан бирига айланди. Ушбу тарғиботда махсус буклетлар ва эслатмалар тарқатилиб, аҳолига йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишнинг муҳимлиги тушунтирилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, йўл ҳаракати хавфсизлигига оид огоҳлантиришлар нафақат ҳайдовчиларга, балки пиёдалар ва велосипедчиларга ҳам йўлнинг хавфсизлигига бўлган масъулиятни юклайди.
Бундан ташқари, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларига қарши махсус ташвиқот тадбирлари ҳам олиб борилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари