Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда йўл қурилиши ва таъмирланишига давлат бюджетидан 60 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 3,5 баробарга ошгани ҳам тизимда олиб борилаётган ўзгаришлардан дарак беради.
Қолаверса, қоидабузарликларни сунъий интеллект асосида саралаш ва қарор чиқариш амалиёти жорий қилинди. Адолатни таъминлаш мақсадида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир қилганларга жазо эмас, огоҳлантириш бериш амалиёти йўлга қўйилди. Илғор халқаро тажрибалар асосида жамоат транспорти учун махсус йўлаклар ажратилди.
Лекин соҳада ҳали долзарб масалалар кўп. Ўтган йили 9364 та йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган. Уларда қарийб 9 минг фуқаро жароҳат олган. Энг ачинарлиси, 2203 нафар одам ҳалок бўлган, жабрланувчиларнинг кўпчилиги болалар ҳиссасига тўғри келмоқда. Маълумотларга кўра, ҳар тўртинчи аварияда бир киши ёки кунига ўртача олти киши вафот этмоқда.
Бу фожиалар бутун жамиятни ларзага келтирмоқда, чунки бу, нафақат, бир оиланинг шахсий фожиаси, балки миллат келажагига етказилаётган зарбадир.
Йўлларда аҳоли, айниқса, болаларимиз хавфсиз ҳаракатлана олмас экан, бу барчамизни жиддий ташвишга солиши, тезкор амалий чоралар кўрилишига туртки бериши керак.
“Адолат” социал-демократик партияси йўллардаги хавфсизликни таъминлаш ва фуқароларимиз ҳаётини асрашда қатъий позицияга эга. Партиямиз Сайловолди дастурига бу каби қонун бузилишларга қарши аниқ ва муросасиз чоралар кўриш масаласи киритилган. Шунга мувофиқ, “Адолат” социал-демократик партияси қуйидаги ташаббусларни илгари суради.
Биринчидан, мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш ва йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ҳолатини олдини олишга қаратилган халқаро дастур – Vision Zero дастурини жорий қилиш мақсадга мувофиқ;
Иккинчидан, болалар хавфсизлигини таъминлашга оид профилактик ишларни кучайтириш зарур, бунда “Мактаб атрофи – хавфсиз ҳудуд” дастурини қабул қилиш лозим. Дастур доирасида, бошланғич синф ўқувчилари учун ёрқин рангли ва нур қайтарувчи элементларга эга бўлган жилетлар, шапкалар ёки рюкзакларни жорий этиш, мактаб ўқувчиси учун уйдан мактабгача бўлган энг хавфсиз пиёда маршрутлари харитасини ишлаб чиқиш, мактабларга бевосита яқин бўлган кўчаларда махсус ҳаракат режимини (автомобиллар ҳаракатини вақтинча тўлиқ ёки қисман чеклаш) ўрнатишни таъминлаш керак;
Учинчидан, йўл қоидаларини мунтазам равишда бузган ҳайдовчиларнинг суғурта тўловларини кескин ошириш орқали иқтисодий жавобгарликни кучайтириш зарур;
Тўртинчидан, одам ўлими, айниқса, вояга етмаганлар ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларида жазони икки баробар оғирлаштириш зарур ҳамда таълим муассасалари атрофида тезликни оширишга ҳам алоҳида қатъий жазо чораси белгиланиши лозим;
Бешинчидан, тезликни сурункали меъёрдан оширган ҳайдовчилар учун белгиланган жарима жазосига қўшимча равишда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини амалдаги уч йилдан ўн йилгача узайтириш, шунингдек, маст ҳолатда инсон ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчилар учун қонунчиликда белгиланган жазо чораларига қўшимча равишда умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш каби қатъий жазо чораларини белгилашни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Бу борада, партиямизнинг Олий Мажлисдаги фракцияси томонидан қонунчилик ташаббусини илгари сурамиз.
Робахон Маҳмудова,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси