Нурафшон шаҳрида "Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда жамоатчилик фикри ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда асосий эътибор жойлардаги автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг белгиланган қоидаларга амал қилишини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг натижаларига қаратилди. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва кенг жамоатчиликка тизимда амалга оширилаётган ахборотлар, тезкор хабарларни етказиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, деярли ҳар куни йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиши туфайли ҳайдовчи ва пиёдаларнинг турли даражада жароҳат олиши, айниқса, ўлим ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда. Вилоят ҳудудидаги асосий автомобиль йўллари атрофида 156 та умумтаълим мактаблари жойлашган. Уларга йўл-патруль хизмати ходимлари ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун бириктирилган. Қолган таълим масканларида эса ўқитувчилар масъул.
Бироқ охирги пайтларда ота-оналар томонидан фарзандларининг кўчада ҳаракатланиш борасида тушунтиришлар беришга эътибор қаратилмаяпти. Шуни эътиборга олиб, оила, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида мазкур йўналишдаги профилактик-тарғибот ишларини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.
2021 йилда 498 мингта маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, уларнинг 186 мингтаси бевосита йўл-транспорт ҳодисаларга сабаб бўлувчи қўпол қоидабузарлик ҳисобланади. Шундан 5 минг 888 таси эса маст ҳолда автотранспорт воситаларини бошқаруви билан боғлиқ.
Жорий йилда бу каби салбий ҳолатларни камайтириш, аҳоли ўртасида самарали тарғибот ишларини олиб бориш лозимлиги айтиб ўтилди. Тадбир сўнгида вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан ҳудуддаги турли ташкилотлар, туман-шаҳар ҳокимликларида фаолият юритаётган ахборот хизмати раҳбарларига аттестациядан ўтгани ҳақидаги гувоҳномалар тарқатилди.
А.Мусаев, ЎзА.