French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўл ҳаракати тизимини ривожлантириш – иқтисодий барқарор ўсиш ва аҳоли турмуш тарзини яхшилашнинг асосий омили
15:52 / 2023-11-02

Бугунги кунда иқтисодий барқарор ўсиш ва аҳолининг турмуш тарзини яхшилашнинг асосий омилларидан бири бу йўл ҳаракати тизимини ривожлантиришдир. Бу борада сўнгги йилларда мамлакатимизда қатор тизимли ишлар олиб бориляпти. Жумладан, жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, автобус хизматларини такомиллаштириш борасида 2022-2023 йилларда Тошкент шаҳри учун 200 дона ўрта сиғимли "SAZ LE 60" русумли,190 дона катта сиғимли "MAN" русумли автобуслар, илк бор 20 дона замонавий электробуслар харид қилинди. Бундан ташқари, метан газ ёқилғисида ҳаракатланувчи 500 та катта сиғимли “YOUTONG” ва 200 та ўта катта сиғимли “KINGLONG” автобуслари ҳамда 302 та “YOUTONG” электробуслари келтирилди.  

Бунинг натижасида 2022 йилга нисбатан жамоат транспорти ҳаракат таркибининг сонини 31 фоизга, яъни 1 485 тадан 1 959 тага ва автобусларнинг кунлик қатновлар сонини 69 фоизга, яъни 14 999 тадан 25 404 тагача оширишга эришилди.  

Шуни таъкидлаш жоизки, йўллардаги тирбандликлар туфайли бугунги кунда фуқаролар икки-уч йил олдингига қараганда икки баробар кўп вақтини йўлда ўтказмоқда. Баъзида тирбандликларда транспорт оқимининг ўртача тезлиги соатига 7 км.га тушади.  

Шу сабабли, аҳоли орасида жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини ошириш мақсадида автобусларнинг мунтазам ва бир маромдаги ҳаракатини ташкил этиш таъминланди – 2023 йилда Тошкент шаҳрида автобуслар учун 186,6 км. алоҳида ажратилган йўлаклар ажратилиб, ҳозирги кунда бундан 48,2 км. ташкил этилган.  

Шунингдек, Тошкент метрополитенини ривожлантиришга қаратилган қатор ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, 2016 йилда давлатимиз раҳбари томонидан метро қурилишини давом эттиришга қаратилган қатор қарорлар имзоланди.  

Жумладан, 2016 йил 7 ноябрдаги “Тошкент метрополитени Юнусобод линияси иккинчи босқичини қуриш” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга мувофиқ Юнусобод метро линиясининг 2,9 км. узунликдаги 2 та “Туркистон” ва “Юнусобод” станциялари қурилди.  

2016 йил 29 ноябрдаги “Тошкент метрополитени Сергели йўналиши қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарорига мувофиқ эса 2020 йил декабрь ойида 7 км. узунликдаги янги Сергели метро линиясининг 5 та станцияси қурилиб, фойдаланишга топширилди.  

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги қарорига мувофиқ “Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши” лойиҳаси амалга оширилмоқда  

Бунинг натижасида сўнгги етти йил ичида метро бекатлари сони 29 тадан 50 тага етказилиб, янги замонавий 21 бекат қурилди. Йўналишлар масофаси эса 38 км.дан 70 км.га етказилди – 32 км.га қўшимча метрополитен йўллари қурилди.  

Шу билан бирга ушбу қисқа даврда 15 та янги метро поездлари харид қилинди ва эски вагонлар қайта таъмирланди. 2024 йилда эса қўшимча 40 та янги метро поездлари харид қилиниши режалаштирилган.  

Бундан ташқари таъкидлаш жоизки, нафақа ёшидаги кексаларга жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб метрополитендан фойдаланиш учун бепул хизмат кўрсатилмоқда.  

Пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш борасида ҳам қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 12 июлдаги "2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори доирасида янги йўл белгилари ўрнатилиб, яроқсиз ҳолга келганлари таъмирланди. Мактаблар олдида тезликни чекловчи йўл белгилари ўрнатилди. Янги светофор объектлари қурилиб, яроқсиз ҳолга келган светофор объектлари, пиёдалар светофори объектлари қурилиб, эски светофор объектлари реконструкция қилинди. Йўл ётиқ чизиқлари чизилди, тротуар ва велосипед йўлаклари қурилди. Аҳоли пунктларида йўллар сунъий ёритилди.  

Шу билан бирга, 2023 йилдан бошлаб пиёдаларга йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш тўғрисида профилактик суҳбатлар ўтказиш ва уларнинг хавфсизлик даражасини ошириш мақсадида “Диққат пиёда” профилактик тадбири Тошкент шаҳри доирасида 12 туман кесимида ўтқазилмоқда.  

Аҳоли пунктларидаги кесиб ўтиш белгиланмаган жойларда йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ҳаракатидан чекловчи воситалар (панжаралар) ўрнатилди. Қарама-қарши йўналишларни ажратиб турувчи тўсиқлар ва темир тўсиқлар ўрнатилди.  Йўлларнинг қатнов қисми таъмирланди ва чорраҳаларнинг геометрик параметрларини ўзгартириш йўли билан уларнинг ўтказувчанлик қобилияти оширилди.  Автомобиль йўлларидаги орқага қайрилиб олиш жойлари “Томчисимон” қайрилиб олиш шаклига ўзгартирилди. Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм кўрсаткичларини назорат қилиш пунктлари ташкил этилди.  

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, йўл инфратузилмасини ривожлантиришда модернизация ва янги технологияларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Яъни тезлик ва ҳаракатни назорат қилиш тизимларини жорий этиш, видеокузатув мосламаларини ўрнатиш, электрон тўловларни йиғиш тизимини ривожлантириш йўл ҳаракати хавфсизлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган ечимлардир.    

Йўл ҳаракати хавфсизлиги даражасини ошириш мақсадида ташкил этилаётган турли тадбирлар, ҳайдовчилар ва пиёдаларни ўқитиш дастурлари ҳам яхши самара беради. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати қоидаларига тўғри муносабатда бўлиш ва йўлда онгли хулқ-атворни шакллантириш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар ҳам.  

– Бу чора-тадбирларнинг барчаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати қатнашчилари учун қулай шароит яратишга қаратилган. Улар йўлларда бахтсиз ҳодисалар, жароҳатларнинг олдини олиш ва одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради, – дейди ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров.  

Йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва хавфсизликни яхшилаш, инвестицияларни жалб қилиш, транспорт тизимини ривожлантириш ва мамлакат рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилар экан, ушбу мақсадларга эришиш учун ҳукумат ва бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга катта маблағ сарфламоқда.  

Таъкидлаш жоизки, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги вазиятни яхшилаш доимий ва кўп қиррали жараён бўлиб, давлат органлари, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб қилади.  

Моҳигул Қосимова, ЎзА